Ислом ҳамкорлик ташкилоти Европа Иттифоқини исломофобия таъсирига тушмасликка чақирди
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Савт Aл-Ҳикма (Ҳикмат Овози) маркази Европа Иттифоқи қонун чиқарувчиларини терроризм ва экстремизмга қарши курашишга қаратилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда исломофобия ва унинг ирқчилик мафкураси таъсирида бўлмасликка чақирди.
Марказ ўз баёнотида сўнгги бир неча йил ичида Европада қабул қилинган ва мусулмонлар билан боғлиқ баъзи қонунларни қоралади. Ушбу қонунлар, мусулмонларнинг хавфсизлик талабларига зид бўлиб, ҳудудда яшовчи ва аҳолининг тахминан 5 фоизини ташкил этувчи 25 миллион мусулмоннинг ҳаёти учун муаммоли ҳисобланади, дейилади ташкилот хабарида.
Марказ баъзи Европа Иттифоқи ташкилотлари Европа мусулмонларининг ўзига хослиги ва маданиятида туб ўзгаришларни келтириб чиқарадиган қонунларни қабул қилганлигини қайд этиб, ушбу ҳолат экстремистик мафкуранинг ўсишига, инсон ҳуқуқлари ва эътиқодини ҳурмат қилишга асосланган Европа қадриятларини бузишилишига сабаб бўлаётганини таъкидлади.
Марказнинг қўшимча қилишича, ҳақиқий Ислом ҳамжиҳатлик, тинчлик, хавфсизлик, бошқаларни қабул қилиш ва раҳмдилликка даъват этиб, терроризм, экстремизм ва беқарорликни рад этади.
Марказ қонун чиқарувчиларни масалаларни баҳолашда бир томонлама қарамасликка чақириб, келажакда мусулмонларга қарши қаратилган ҳар қандай қонунлар нафрат ва ирқчиликни тарқатиш учун баҳона бўлиб қолиши ҳақида огоҳлантирди.