Мақолалар

Қурбонликка сўйилган ҳайвон гўшти ва териси нима қилинади?

Чоп этилди Iyul 19, 2021 Қурбонликка сўйилган ҳайвон гўшти ва териси нима қилинади?da fikr bildirishni o'chirish

 

Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни (яъни, Алини) туялар (қурбонлик учун Байтуллоҳга ҳайдаб борилган ҳадийлар)нинг тепасига бориб туришни ва уларнинг ҳаммасини – гўштларини, териларини ва ёпинчиқларини мискинларга тақсимлашни ҳамда уни сўйган қассобга қурбонликдан бирор нарса бермасликни буюрдилар” (Муттафақун алайҳ).

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний мазкур ҳадисни қурбонликлар китобида келтирган. Чунки ҳаж ва умранинг ҳадиси (Маккада сўйиладиган жонлиғи) кўп ҳукмларда қурбонликники билан муштаракдир.

Имом Бухорий ва бошқаларнинг ривоятида “унга (қассобга) сўйгани учун бирор нарса бермаслигимни” каби зиёдалар бор. Бундан қассобга бирор нарса бермаслик тушунилади. Аммо ирода қилинган нарса бу эмас, балки Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Доримий ва Ибн Хузаймаларнинг ривоятларида очиқ айтилганидек, “уни сўйган қассобга қурбонликдан бирор нарса бермасликни”, яъни қассоблик ҳақи қурбонликнинг бирор жузидан берилмаслиги ирода қилинган. Одатда, қассоб хизмати учун жонлиқнинг калла-пойчалари каби қисмларини олар эди. Бизнинг урфимизда эса қорин, ичак-чавоқ, жигар ва бошқа қолдиқларини ҳам қўшиб олишади. Бу қассоб ҳақи дейилади.

Мазкур ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажларида Байтуллоҳга ҳайдаб борган ҳадийлари ҳақида ворид бўлган. Ўшанда у зот юзта туя қурбонлик қилганлар. Гарчи ҳадис ҳажда сўйиладиган ҳадийларга тегишли бўлса-да, унда қурбонликка ҳам алоқадор бўлган бир қанча ҳукмлар бор:

– қурбонлик ишига вакил ва ўринбосарлик қилиш, уни тарқатиш ҳамда қурбонликни сўйишдан олдин ҳам, кейин ҳам ҳозир бўлиб туриш. Ҳадийда ҳам шундай, чунки у молга алоқадор бўлган қурбат – ибодат ҳисобланади. Шунинг учун унда ўринбосарнинг ҳозир бўлиши кифоя. Бунга барча иттифоқ;

– қурбонликнинг гўштлари ва терилари садақа қилиниши лозим. Ҳадийда ҳам шундай қилинади. “Ҳаммасини” деган сўздан унинг зоҳирини, яъни қурбонликнинг бирор қисмини қолдирмай садақа қилиб юбориш тушунилмайди. Чунки Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳумодан қилинган ҳадисда: “Сўнгра ҳар бир туядан бир қисмини олишни буюрдилар. Шундай қилиб, (ўша қисмлар) қозонга солиб пиширилди. Бас, иккиси (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Али розийаллоҳу анҳу) унинг гўштидан еб, шўрвасидан ичишди”, дейилган.

Қурбонлик гўштини учдан бир қисмидан камайтириб юбормаган ҳолда садақа қилиш мустаҳаб бўлади. Мазҳабимизда унинг бирор қисмини садақа қилиш шарт қилинмайди. Чунки қурбат (ибодат) қон оқизиш билан юзага чиққан ҳисобланади.

Шофеийлар ва ҳанбалийларда эса садақа қилиш вожиб саналади, гарчи кичик бир бўлагини бўлса ҳам. Чунки ундан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш мақсад қилинган. Агар ҳаммасини ўзи еб қўйса, қурбат ҳосил бўлмайди.

– Тери, гарчи арзимас қийматга эга бўлса-да, қурбонликнинг бир қисми ҳисобланади. Аммо унинг ёпинчиғидан мурод эса садақага ундаш учундир. Уламолар шундай дейишган. Унинг қиймати ва баҳоси ҳам қурбонлик қилувчининг ёки ҳожининг ҳолига яраша бўлиши мустаҳабдир. Салафлардан бу борада кўплаб асарлар келган.

– Қурбонликнинг бирор қисмини қассобнинг хизмати учун ҳақ қилиб бермаслик. Чунки бу унинг хизмати учун эваз бўлиб, қурбонликнинг бир қисмини сотишга ўхшаб қолади. Бу эса жоиз эмас, ҳатто терисини ҳам. Уммат шунга иттифоқ қилган.

Агар қассобнинг ҳақини комил адо қилганидан сўнг, фақир бўлгани учун қурбонликдан бирор нарсани унга берса, жоиз. Худди бошқа фақирга бериш жоиз бўлгани каби. Лекин бу нарса унинг хизмат ҳақини камайтиришга сабаб бўлиб қолмаслиги керак.

– Қурбонликнинг бирор қисмини ва терисини сотиш жоиз эмас. Чунки ундан хизмат ҳақига эваз қилиб беришнинг ман қилиниши сотиш маъносида бўлгани учундир. Шундай экан, сотишни ман қилиш авлороқ бўлади. Бу ҳукм барча қурбонлик ва ҳадийларга тегишли. Аммо ҳаждаги жиноят учун сўйилган ҳадийлар ёки назр қилинган қурбонликларнинг ҳамма қисми фақирларга садақа қилиниши вожиб бўлади.

Мазҳабимизда қурбонликнинг терисини манфаати давомли бўлган бошқа нарсалар, масалан, ғалвир, сузгич, бўйра, кетмон-болта кабиларга алмаштириш жоиз. Чунки улар қурбонликнинг бир жузи маъносида бўлади.

– Ҳаётдаги вазиятларнинг хилма-хиллиги ва қўй териларининг истеъмоли камёблиги ва яна бошқа сабабларга кўра, қурбонликларнинг териларини қабул қиладиган жамиятлар пайдо бўлди. Улар териларни чириб-бузилиб кетишидан сақлаб туришади ва уларни сотиб, пулларини фақирларга садақа қилишади. Фақир киши терига эга бўлгач, уни сотгани каби ушбу жамиятлар ҳам қурбонлик терилари ўз мулкларига кирганидан сўнг уларни сотади. Бу иш жоиз, балки авлороқдир. Чунки бунда манфаатни сақлаш кўпроқ бор.

Гоҳида баъзи кишилар қурбонликнинг терилари ва калла-пойчаларини сотиб, сўнг пулини садақа қилишга мажбур бўлишади. Чунки ким қурбонликнинг терисини сотса, пулини садақа қилиши лозим. Бу иш баъзиларнинг фикрига кўра жоиздир. Уларнинг қаторида ҳанафийлар ҳам бор. Бу ҳукм кишининг қурбонлик мулки ва уни топшириш ҳуқуқига эга бўлишидан келиб чиқади. Лекин аввалги йўл афзалдир.

 

Манбалар асосида

Қувасой шаҳар “Ислом” жоме масжиди

имом-хатиби Алишер НАИМОВ

тайёрлади.