Дунё янгиликлари

Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир ИТБ Президенти этиб сайланди

Чоп этилди Iyul 23, 2021 Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир ИТБ Президенти этиб сайландиda fikr bildirishni o'chirish

Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир ИТБ Президенти этиб сайланди
Жорий йилнинг 20 июл куни Ислом тараққиёт банки (ИТБ), Бошқарувчилар Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестисиялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ИТБ Гуруҳининг Бош котибияти тасдиғига мувофиқ, Бошқарувчилар Кенгаши Саудия Aрабистони Подшоҳлиги томонидан таклиф этилган номзод – доктор Муҳаммад Сулаймон ал-Жассирни ИТБнинг янги президенти лавозимига беш йил муддатга сайлаш тўғрисида сиртдан қарор қабул қилганлигини эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестисиялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Бошқарувчилар Кенгаши, шунингдек, Икки муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон ибн Aбдулазиз Ол Сауд ва Саудия Aрабистони Подшоҳлиги ҳукуматига ИТБни ташкил этилганидан буён қўллаб-қувватлаб келаётгани учун ўзининг чуқур миннатдорлигини билдириши хусусида қарор қабул қилди.

Қарорда доктор Бандар ибн Муҳаммад Aл-Ҳажар Жаноби Олийлари томонидан сайланганидан буён ИТБ тузилмалари ва ИТБ Гуруҳи олдида амалга оширилган мукаммал фаолияти ҳамда ўтган давр мобайнида жаҳон молия бозорларидаги молиявий ташкилотлар орасида ўз мавқеини кўтаришга имкон берган улкан муваффақиятлари Банк Бошқарувчилари Кенгаши томонидан эътироф этилгани ва юқори баҳолангани акс эттирилган.

2021 йил, 6 июл, сешанба куни С.Умурзаков раислиги ва Қўмита аъзолари бўлган Бошқарувчилар иштирокидаги Банк Бошқарувчилари Кенгашининг Тартиб-таомиллар бўйича қўмитаси ИТБ раиси лавозимида доктор Бандар ибн Муҳаммад ал-Ҳажар Жаноби Олийлари ўрнига фаолият юритиш учун Саудия Aрабистони Подшоҳлиги вакили, доктор Муҳаммад ал-Жассир Жаноби Олийларининг номзодини кўриб чиқиш мақсадида видеоконференсия ўтказди.

Ушбу йиғилиш чоғида Қўмита доктор ал-Жассирни кейинги 5 йилга ИТБнинг янги Президенти лавозимига сайлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини қабул қилишни тавсия этди. Шунингдек, Қўмита доктор Ҳажжарга миннатдорлик мактубини юбориш тўғрисида яна бир қарор лойиҳасини қабул қилишни тавсия қилди. Иккала қарор лойиҳаси ҳам Директорлар кенгаши аъзоларига сиртдан қабул қилиш учун тақдим этилди.