Мақолалар

Ҳижрат хотираси

Чоп этилди Iyul 24, 2021 Ҳижрат хотирасиda fikr bildirishni o'chirish

Асҳоби киромдан Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:

Бир кун ҳазрат Абу Бакр бизникига келди. Отамдан ўн уч дирҳамга бир эгар сотиб олди, кейин:

– Ўғлингиз Баррога айтинг, буни бизникига олиб борсин, – деди.

Отам:

– Йўқ, бунақаси кетмайди, – деди, – Расули акром соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Мадинага ҳижрат қилиш учун чиқганингизда, мушриклар сизни топиш учун орқангиздан тушганларида бошингиздан нималар ўтганини айтиб бермасангиз бўлмайди.

Ҳазрати Абу Бакр:

– Унда айтиб бераман, – деди-да сўз бошлади ва шуларни айтиб берди:  – Ўша кеча Маккадан чиқдик. Бутун тун давомида йўл юрдик. Эртаси куни тушлик вақтига қадар ҳам юрдик. Иссиқ кучайгандан кейин йўл танҳолашди, ҳатто кимса  юрмайдиган бўлди. Ажабо, бирорта соя топа олармиканмиз, дея ўнгга-сўлга қарадим ва баланд бир қояни кўрдим. Унга ҳали қуёш тушмаган эди. Шу ерга тушдик. Сояда Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ётиб ухлаб олишлари учун ерни қўлим билан текисладим ва ерга хирқамни тўшадим. “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Шу ерда ётиб, дам олинг. Мен атрофга кўз-қулоқ бўлиб тураман”, дедим. Расули акром (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ухладилар. Орқамиздан кимдир кузатмаяптимикан, деб хавотирланиб атрофга кўз югуртира бошладим.

Қўй боқиб юрган бир чўпонни кўрдим, суруви билан биз томонга келаётган экан. Шубҳасиз, у ҳам қоянинг соясидан баҳра олишни истайди. Чўпоннинг қаршисига чиқиб бордим-да: “Эй бола, сен кимнинг чўпонисан?” деб сўрадим. “Қурайш қабиласидан фалончининг чўпониман”, деб бир одамнинг исмини айтди. У одамни танирдим. “Сурувда соғиладиган қўйинг борми?” деб сўрадим. “Бор”, деди. “Бизга сут соғиб берасанми?” дедим. “Соғиб бераман”, деди. Қўйлардан бирини етаклаб келди. Мен унга қўйнинг елинини ва қўлларини яхшилаб тозалашини айтдим. Бир ёғоч косага бироз сут соғди. Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сув ичишлари ва таҳорат олишлари учун ёнимда бир сув идиши олиб юрган эдим. Ундан косага озгина сув қуйиб, сутни совутдим. Сутни олиб Расули акром (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига бордим. Қарасам, ухлаётган эканлар. Уйғотишга жазм қила олмадим. Бироздан сўнг ўйғонганларини кўрганимдан сўнг: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буни ичиб олинг”, дедим. Сутни олиб ичдилар. Ўша чоқ менинг кўнглим хушнуд бўлди. Шундан кейин Расули акром (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Юрадиган вақтимиз бўлмадими?” деб сўрадилар. “Бўлди, ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)”, дедим. Қуёш ғарбга ботаётганда биз йўлга тушдик.

Суроқа ибн Малик орқамиздан тушган экан. Уни кўрганимда “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга етиб олишаяпти”, дедим. “Қўрқма, Аллоҳ биз билан бирга”, дедилар. Суроқа бизга яқинлашганида бетоқат бошладим. Расули акром (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нега йиғлаяпсан?” дедилар. “Қасам ичаманки, ўзим учун эмас, сиз учун йиғлаяпман”, дедим. Ҳазрати Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳим бизни ундан асрасин”, деб дуо қилдилар. Суроқанинг отининг оёқлари қорнига қадар ерга ботди. Суроқа отдан ерга сакраб тушди ва: “Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бу сизнинг ишингиз эканини биламан. Мени баддуо қилдингиз. Шунинг учун отимнинг оёқлари ерга ботиб қолди. Мен учун яна дуо қилинг, нажот топай. Сизга сўз бераман, изимиздан келаётган одамларга сизни кўрганимни айтмайман. Уларнинг сизни таъқиб этишларининг олдини оламан”, деди. Кейин Суроқа сўзида яна давом этди: “Менинг ўқдонимдан бир ўқ олинг. Фалон ерда туяларимни ўтлатиб юрган одамларимни кўрасиз. Уларга бу ўқни кўрсатинг ва нима керак бўлса улардан олинг”.

Расули акром (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга сенинг туяларинг керак эмас”, дедилар ва дуо қилдилар, ерга ботиб кетган Суроқа ердан чиқиб олди. Кейин у қайтиб кетди ва орқада келаётган мушриклар билан учрашиб уларга: “Мен ҳам уларнинг орқасидан кетаётгандим, аммо уларни топа олмадим”, деди ва қайтиб келиб, бизга берган ваъдасини бажарганини айтди. Ниҳоят Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан биргаликда Мадинага етиб бордик. Одамлар Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кутиб олишга чиқдилар. Эркаклар ва аёллар томларга, болалар ва хизматкорлар йўлларга чиқишди ва “Ё Муҳаммад! Ё Расулуллоҳ! Ё Муҳаммад! Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)”, деб бақиришарди. Одамлар “Аллоҳнинг Элчиси бизнинг уйимизга меҳмон бўлади”, деб бир-бирлари билан тортишарди. Расули акром (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу кеча тоғаларим бўлган Нажжор ўғилларига икром кўрсатиб, уларникида меҳмон бўламан”, дедилар.

Эртаси куни эса Аллоҳ таоло ўзларига буюрган ишларни қилиб бошладилар[1].

 

Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

 

[1] Бухорий, Луқота 12, Маноқиб 25, Фазойили асҳабин Набий 2; Муслим, Зуҳд 75; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, I, 2-3