Ўзбекистон янгиликлари

“Қурбонлик – 2021” тадбири доирасида 713 миллион 264 минг сўмлик эҳсон қилинди

Чоп этилди Iyul 25, 2021 “Қурбонлик – 2021” тадбири доирасида 713 миллион 264 минг сўмлик эҳсон қилиндиda fikr bildirishni o'chirish

Таъкидланганидек, “Қурбонлик – 2021” тадбирлари режасига асосан жорий йилнинг 20-22 июль кунлари “Вақф” фондининг барча ҳудудий филиаллари томонидан хайрия тадбирлари ташкил этилди. “Вақф” фондининг марказий аппарати томонидан Тошкент шаҳридаги 21 ва 23-сонли Меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчиларига 11 миллион 326 минг сўмлик 280 дона байрам совғаси хайрия қилинди.

“Вақф” фонди томонидан ҳомийлар ва ҳамкорларни жалб этган ҳолда 504 миллион сўм маблағ ажратилди ва ушбу маблағ ҳисобидан республика бўйлаб 36 қорамол қурбонлик қилиниб, эҳтиёжмандларга 7 минг 545 килограмм гўшт улашилди. Шунингдек, фонднинг ҳудудий филиаллари ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда 2 та қорамол ва 35 та қўй қурбонлик қилиниб, 1 минг 716 килограмм гўшт тарқатилди.

Қурбон ҳайити муносабати билан филиаллар томонидан жалб қилган хайриялар, жумладан, қурбонликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори 197 миллион 938 минг сўмни ташкил этди. Умумий ҳисобда “Вақф” фонди ҳамда унинг ҳудудий филиаллари томонидан республика бўйича 38 та қорамол ва 35 та қўй сўйилиб, ночор, ижтимоий кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор бўлган ва бемор ҳамюртларимиз учун жами 9 минг 216 килограмм қурбонлик гўшти хайрия қилинди.

Тадбирлар давомида республика миқёсида 4 минг 167 кам таъминланган оила, боқувчисини йўқотган ва ёлғиз кекса фуқароларга 644 миллион 455 минг сўмлик ҳамда 23 та “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйида истиқомат қилувчи ҳамюртларимизга 68 миллион 808 минг сўмлик эҳсон, умумий ҳисобда “Қурбонлик–2021” тадбири доирасида 713 миллион 264 минг сўмлик эҳсон қилинди.