Мақолалар

Жаннат хушхабари келган ўн кишининг қадри

Чоп этилди Iyul 31, 2021 Жаннат хушхабари келган ўн кишининг қадриda fikr bildirishni o'chirish

Куфалик тобеинлардан Риёҳ ибн Ҳориз анНаҳоий ҳикоя қилади:

Куфа волийси Муғийра ибн Шуъба катта масжидда ўтирган эди. Ўнгида, сўлида куфаликлар бор эди. Шу вақтда волийнинг олдига асҳоби киромлардан Саид ибн Зайд келди.

Муғийра у билан саломлашди ва ўтиришга ўриндиқдан жой кўрсатди. Кейин куфалик Қайс ибн Алқама исмли бир одам келди. Муғийра уни ҳам кутиб олди. Бу одам волийнинг қаршисига ўтириб, бир одамни ҳақорат қила бошлади.

Саид ибн Зайд волийга юзланиб:

– Муғийра, бу одам кимни ҳақорат қиляпти? – деб сўради.

– Али ибн Абу Толибни ҳақорат қиляпти, – деди.

Шундан кейин Саид ибн Зайд волийга бундай деди:

– Бечора Муғийра! Нотавон Муғийра! Ночоргина Муғийра! Ёки мен хато эшитяпманми, сенинг ҳузурингда Расули акромнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобасини ҳақоратлаяпти, бу сенинг на ғазабингни келтиряпти, на унга қаршилик  қилишга ҳаракат қиляпсан, шундайми? Қасам ичаманки, ҳозир сизга сўзлаб берадиган сўзларимни Ҳазрати Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитиб, ёдлаб олганман. Охиратда у зот билан учрашганимда мендан ҳисоби сўраладиган ёлғонни у зотнинг номидан гапира олмайман. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Аллоҳнинг Расули жаннатдадир,

Абу Бакр жаннатдадир,

Умар жаннатдадир,

Али жаннатдадир,

Усмон жаннатдадир,

Талҳа жаннатдадир,

Зубайр жаннатдадир,

Абдурраҳмон ибн Авф жаннатдадир,

Саъд ибн Абу Ваққос жаннатдадир”.

У мўминларнинг тўққизинчиси ҳам жаннатдадир. Агар унинг исмини айтмоқчи бўлсайдим, албатта, айтган бўлардим”.

Буни эшитган масжиддаги бутун мўъминлар:

– Эй Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаси! Жаннатда бўладиган у тўққизинчи одам ким, Аллоҳ ризоси учун айтинг! – дедилар.

Шунда Саид ибн Зайд бундай деди:

– Модомики, Аллоҳ ризоси учун айтишимни истасангиз, Аллоҳ жуда буюкдир. У мўминларнинг тўққизинчиси менман.

Кейин қасам ичиб, шуларни сўзлади: “Улардан биттасининг Расули акром (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан жангу жадалда сафдош бўлиб, у ерда қўллари ва юзи чанг-тупроққа ботгани, сизларнинг бутун умрингиз давомида – ҳатто Нуҳ пайғамбар каби узоқ яшасангиз ҳам – қиладиган барча ибодатларингиздан қийматлидир”[1].

 

Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

 

[1] Абу Довуд, Суннат 8 (Албоний, Саҳиҳи Сунани Абу Довуд, Риёд 1419/1998, III, 131-132); Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, I, 187; Ибн Можа, Муқаддима, 11