Дунё янгиликлари

Жаҳонда энг кўп қочқин айнан Туркияда истиқомат қилади

Чоп этилди Avgust 1, 2021 Жаҳонда энг кўп қочқин айнан Туркияда истиқомат қиладиda fikr bildirishni o'chirish

Туркия ички ишлар вазири Сулейман Сойлу ҳукуматнинг қочқинларга нисбатан олиб бораётган сиёсатини юксак баҳолаган ва бу сиёсатни жаҳондаги энг яхши кўрсаткич эканлигини таъкидлаган.

Бу ҳақда “Turkish Minute” хабар тарқатди.

Дарҳақиқат, жаҳонда бошпана изловчиларга бўлаётган муносабатни кузатар экансиз, Туркиянинг бу борада юритаётган сиёсатига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. “Habertürk” журналисти Негахан Алчи билан бўлиб ўтган суҳбат давомида Сулейман Сойлу ҳукмрон Адолат ва Тараққиёт партиясини оқлашга уринди. Маълумки, сўнги вақтларда мазкур партия қочқинларга нисбатан аниқ сиёсати йўқликда, шунингдек, қонуний ва ноқонуний муҳожирларга нисбатан етарлича муносабат билдирмаётганликда айбланаётган эди.

Сулейман Сойлунинг айтишича, айни дамда Туркияда муҳожирлар истиқомат қиладиган 20 мингта марказ бор экан. «Бунча марказни бутун Европа мамлакатларини қўшиб ҳисоблаганда топиш мушкул», деди ички ишлар вазири. Унинг айтишича, ҳукумат қочқинларга нисбатан одилона сиёсат олиб бормоқда.

«Агар кимда ким қайсидир мамлакатда қочқин ва муҳожирлар масаласида бизчалик комплекс ва узлуксиз тизим яратганини исботлаб берса, у ҳолда менинг исмим Сулейман Сойлу бўлмайди. Фақат Германия канцлери Ангела Меркелгина Туркияда қандай ишлар амалга оширилаётганининг аҳамиятини тушуниб етган», деди Туркия ички ишлар вазири.

Эслатиб ўтамиз, яқинда 2016 йилда Европа Иттифоқи ўз зиммасига олган молиявий мажбуриятни назарда тутган ҳолда Германия канцлери баёнот берар экан, «Туркия суриялик қочқинларга аъло даражада ғамхўрлик қилмоқда. Биз Туркияни қўллаб-қувватладик, аммо бу кўмак жуда ҳам оз бўлди», деди.

БМТнинг Қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссарлик Бошқармаси маълумотига кўра, жаҳонда энг кўп қочқин айнан Туркияда истиқомат қилар экан. Айни дамда Туркиядаги умумий қочқинларнинг сони 4 миллиондан ошиб кетган. Шундан 3 миллион 684 минг 412 нафар суриялик муҳожир расман рўйхатдан ўтган. Уларнинг 1 млн. 746 минг 253 нафари 18 ёшга тўлмаган сурияликлар экани айтилади.

Сурияликлардан ташқари Туркияда 320 мингдан ортиқ муҳожир борлиги айтилади. Туркия бир неча йилдан бери қочқинларни тақсимлаш масаласида адолат қарор топиши учун қонуний маршрутлар очилиши лозимлиги борасида Европа Иттифоқига мурожаат қилиб келади.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда суриялик қочқинларнинг Грецияга келишини камайтириш мақсадида Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасида шартнома имзоланган эди. Унга кўра, муҳожирларга кўмак кўрсатиш лойиҳалари учун Европа Иттифоқи Туркияга 6 млрд. евро миқдорида молиявий ёрдам бериши лозим эди. Ўшандан бери Туркия мамлакатга келаётган қочқинлар сонининг ортиб кетишига қарши курашиб келмоқда. Шу вақт давомида Туркия ЕИни ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармасликда айблайди.

Кўриниб турибдики, тақдим қилинаётган молиявий ёрдам Туркияга эмас, балки Сурия қочқинларига мўлжалланган. Яъни, Европа Иттифоқи ўзининг тинчлиги ва хавфсизлигини кўзлаган ҳолда Туркияга молиявий ёрдам бермоқчи.

Ўтган ойда Брюсселда бўлиб ўтган Европа Кенгаши саммитида Туркиядаги қочқинларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йилгача қўшимча 3 млрд. евро ажратиш борасида ваъда берилди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи муҳожирларга қарши курашиш мақсадида Туркияни қўллаб қувватлашга ваъда берди.

Яқинда Сурия Муваққат ҳукумати раҳбари Абдурраҳмон Мустафо баёнот бериб, Башар Асад режими ағдарилганидан кейин мамлакатда хавфсиз вазият юзага келиши билан Туркияда истиқомат қилиб турган сурияликлар ўз уйларига қайтишларини эълон қилди. Бу ҳақда Sabah нашри маълум қилди.

«Асад ва унинг иттифоқчилари томонидан содир этилаётган геноциддан жон сақлаш мақсадида сурияликлар ўз уйларини, мол-мулкларини ва қариндошларининг қабрларини ташлаб ватандан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Қонли режим ағдарилиб, мамлакатда ҳақиқий хавфсизлик таъминланганидан сўнг сурияликлар албатта уйларига қайтадилар. Сурия шимолига бомбалар ёғилиб турар экан, уларнинг ватанга қайтишларининг имкони йўқ», деди Сурия Муваққат ҳукумати раҳбари Абдурраҳмон Мустафо. Унинг сўзларига қараганда, сурияликлар оғир вақтларда ўзларига ёрдам берган ва қўллаб-қувватлаган дўст ва биродор халқларни, айниқса турк халқини ҳеч қачон унутмайди.

«Биз сурияликларга ёрдам берган ва қўллаб-қувватлаган қардош турк халқига самимий миннадорлигимизни билдирамиз, турк халқи ҳамиша мазлумларни қўллаб-қувватлаб келган», дея таъкидлади Абдурраҳмон Мустафо.

Сурияликлардан ташқари Туркияда айни дамда 125 минг афғонистонлик муҳожир борлиги айтилади. Афғонистонда сўнгги вақтларда юз бераётган воқеалардан кейин Туркияга борувчи афғонлар сони ортишидан хавотирлар пайдо бўлди. Яқинда Австрия канцлери Себастян Курс Европадан фарқли ўлароқ Туркия «афғон қочқинлари учун муносиб жой» эканлигини айтди. Бу ўз навбатида Туркия ташқи ишлар вазирлигининг норозилигига сабаб бўлди.

«Биринчидан, Туркия Афғонистон билан чегарадош эмас. Бутун дунёни ташвишга солаётган муҳожирлар оқими билан боғлиқ муаммони биргаликда бартараф этиш ва ҳамкорлик қилиш ўрнига, улар «муҳожирлар бу ерга келиши керак эмас, улар бошқа бир жойга боришлари керак», дея худбинларча баёнот беришмоқда», дейилади Туркия ташқи ишлар вазирлигининг “Hurriyet” газетасида берилган баёнотида.

«Биз ҳамкасбларимиз билан ҳар гал учрашганимизда, Туркия Европа Иттифоқига йўл олган қочқинлар учун лагерь бўлмаслигини ёки чегарачи ролини ўйнамоқчи эмаслигини, таъкидлаймиз», дейилади баёнотда.

Туркия мудофаа вазири Хулюси Акарнинг айтишича, Афғонистондаги сўнгги воқеалардан кейин қочқинлар оқими кучайиши эҳтимоли сабаб Туркия Эрон билан чегарадаги хавфсизликни таъминлаш мақсадида қўшимча чора-тадбирларни кўрмоқда.

Шарофиддин Тўлаганов