Мақолалар

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мероси тарқатилганда

Чоп этилди Avgust 1, 2021 Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мероси тарқатилгандаda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг талабаларидан Абдуллоҳ арРумий ҳикоя қилади.

Бир куни Абу Ҳурайра Мадина бозорига борди ва у ерда туриб баланд овозда:

– Эй, бозор одамлари! Сизни нима ушлаб турибди? – деди.

Одамлар ажабланиб:

– Яхшиликка бўлсин, Абу Ҳурайра нима ҳақида гапиряпсан? –дедилар.

– У ерда Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мероси тақсимланяпти, сиз эса бу ерда ўтирибсиз. Бориб ўз улушингизни олмайсизми!

– Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мероси қаерда тақсимланяпти?

– Масжидда!

Буни эшитган одамлар Масжиди Набавияга югуришди. Абу Ҳурайра уларнинг қайтиб келишини кутиб ўтирди. Одамлар қайтиб келгач:

– Яхшиликми, нима бўлди? – деб сўради.

– Эй Абу Ҳурайра, – деди одамлар, – масжидга бордик, у ерда тақсим этилаётган бирор нарсани кўрмадик.

– Йўғ-е, Масжиди Набавийда бирор одамни ҳам кўрмадингларми?

– Кўрдик. Лекин кўрганларимизнинг бири намоз ўқияпти, яна бири Қуръон ўқияпти, бошқалари бирлари эса ҳалол ва ҳаром масалаларини муҳокама қилаяпти.

Абу Ҳурайра уларга бундай деди:

– Уят сизларга! Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мероси ана шулардир[1].

 

Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

 

[1] Табароний, ал-Мужма ул-авсот (Ивазуллоҳ), II,114-115; Хусомий, Мажмауз завоид, I, 123-124; Албоний, Саҳиҳ ут-тарғиб ват-тарҳиб, I, 144