Олимлар сув тошқинлари келгусида яна ортиши ҳақида огоҳлантирмоқда
XXI аср бошидан буён сув тошқинидан жабр кўрган одамлар сони 24 фоизга ортган. Бу олимлар башорат қилган кўрсаткичдан 10 баробар кўпдир, деб ёзмоқда Nature журнали.
Ушбу янги тадқиқотларни Cloud to Street компанияси мутахассислари олиб борган. Улар сунъий йўлдош орқали тошқин бўлиш эҳтимоли йўқори бўлган ҳудудларни кўздан кечирган.
Олимларнинг ҳисоб-китобича, 2000 йилдан то 2018 йилгача тошқинлар сайёрамизнинг 2,23 миллион квадрат километрлик ҳудудига зарар келтирган, тошқинлардан 290 миллионга яқин киши жабр кўрган. Сув тошқинларининг қарийб 90 фоизи Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига, айниқса Инд, Ганг-Брахмапутра ва Меконг дарёлари минтақасига тўғри келмоқда. Бундан ташқари, хабарда таъкидланадики, Лотин Американинг жанубий қисми, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларида ҳам сув тошқинлари сони келгусида кескин ортмоқда.
Cloud to Street маълумотларига кўра, иқлим ва демографик ўзгаришлар туфайли 2030 йилга келиб сув тошқинлари яна 25 та мамлакатда юз берадиган бўлади.