Мақолалар

Чечен халқи вакиллари “Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ меҳмони бўлдилар

Чоп этилди Avgust 19, 2021 Чечен халқи вакиллари “Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ меҳмони бўлдиларda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов раҳимаҳуллоҳнинг вафоти наинки ўзбек халқи, балки бошқа юртларнинг мўмин-мусулмонлари учун ҳам катта йўқотиш бўлди. Чунки у зот йирик олим, қатъиятли раҳбар, камтарин инсон, фазилатли устозлардан эдилар. Кеча юртимизга таъзия билдиргани келган Чеченистон Республикаси муфтийси ўринбосари Усман Висарханов ва Шали шаҳридаги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам номидаги энг йирик жоме масжид имом-хатиби Абдулло Ҳашханов кўнгилларидан кечган эътирофларини ана шундай изҳор қилдилар.

      Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировнинг, қардош чечен халқининг ҳамдардлигини олиб келган Абдуллоҳ Ҳашханов марҳум, шайх Усмонхон Темирхон ўғли роҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти, динга, миллатга бўлган муҳаббати ва хизматлари тўғрисида гапириб, жумладан, бундай деди:

– Шайх Усмонхон Темирхон ўғли роҳимаҳуллоҳ бор куч-қувватини Ислом динини тарғиб этишга сарфладилар. Муфтий ҳазратни йўқотиш биз, ислом умматига жуда катта йўқотиш бўлди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан марҳумни раҳматига олишни ва ислом умматига у кишиниг ўрнини тўлдирадиган муносиб меросхўр беришини дуо қилиб сўраймиз.

Шундан кейин меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ишлар бошқармаси бошлиғи Рустам Жамилов ҳамроҳлигида Ҳазрати Имом мажмуасидаги Ҳазрати Усмон Мусҳафи, Бароқҳон мадрасаси, Қаффол Шоший мақбараси ва бошқа муборак масканларни зиёрат қилдилар.

Кейин эса “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижод уйи ташриф буюриб бу ерда амалга оширилаётган нашр ишлари билан танишдилар. Нашриёт ва босмахона фаолиятини кўздан кечирган меҳмонлар ўзларининг юртларида ҳам шундай матбаа-ижод уйи очиш ниятида эканликларини айтиб, “Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ тажрибасидан фойдаланиш ниятида эканини изҳор қилдилар. Меҳмонларга эсдалик учун нашриёт маҳсулотларидан совғалар қилиб кузатилди.

Фазилатли шайх Усмонхон эшон ҳазратларининг вафоти ҳам мўмин-мусулмонларнинг кўнгилларининг янада яқин бўлишига сабабчи бўлишда давом этмоқда.