Пайғамбаримизни ҳақорат қилдирмаймиз
Тобеинлар авлодидан бўлган Каъб ибн Алқама ҳикоя қилади:
Асҳоби киромдан Ғорафа ибн Ҳорис ал-Киндий[1] розияллоҳу анҳу бир куни Мисрда мисрлик бир насроний билан суҳбатлашди ва унга мусулмон бўлишни таклиф қилди. Бироқ насроний бу таклифни қабул қилмагани камдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақорат ҳам қилди. Унинг бу ҳурматсизлигига чидай олмаган Ғорафа бурнига бир мушт туширди.
Насроний тўғри Миср волийси Амр ибн Оснинг ҳузурига бориб, Ғорафадан шикоят этди.
Волий даъвогар ва жавобгарни чақириб бўлиб ўтган ҳодисанинг сабабини уларнинг ўзларидан тинглади. Сўнг Ғорафага юзланиб:
– Биласанки, биз ғайримуслимларга бир неча ҳақлар ва имтиёзлар берганмиз, – деди.
Ғорафа волийга мана бу сўзларни сўзлади:
– Тўғри, лекин биз уларга Аллоҳни ва Унинг Пайғамбарини ҳақорат қилиш ҳаққини эмас, черковларида ўзлари истаганлари каби ибодат қилиш ҳаққини берганмиз. Уларга оғирлик қиладиган ишларни зиммасига юкламадик, улар учун ҳам жанг қилиб ҳаётларини муҳофаза қилмоқдамиз, ҳуқуқ-тартибот ишларини ўз қонунларига кўра юритишларига изн бердик. Шунга яраша, улар бизга: “Сиз ўз қонунларингизга кўра ҳукм этинг”, дея олган тақдирдагина Аллоҳнинг нозил қилгани билан ҳукм этишимизга оид сўз бердик.
Бу сўзларни эшитган волий Амр ибн Ос Ғорафага:
– Тўғри айтдинг, – деди[2].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Ғорафа ибн Ҳорис ал-Киндий розияллоҳу анҳу яманлик саҳоба эди. Ҳазрати Абу Бакр даврида диндан қайтиш ҳодисаси майдонга келганда Яманга қайтиб бориб, ўша ерда диндан қайтганларга қарши урушган эди. Кейинроқ эса Мисрга келиб шу ерда ўтроқлашиб қолган.
[2] Табароний, ал-Мужмаил-Кабир (ношир. Ҳамдий ибн Абдулмажид ас-Салафий), Мусул 1404/1983, XVIII, 261; Табароний, ал-Мужмаил-авсот (Изауллоҳ), VIII, 318; Ҳайсамий, Мажмауз-завоид, Байрут, 1967, VI, 260; Ибн Ҳожар ал-Асқалоний, ал-Исаба (ношир. Али Муҳаммад ал-Вижавий), Байрут, 1412/1991, V, 318