Мақолалар

“Шу қадар мушкул аҳволдамисан?”

Чоп этилди Sentabr 7, 2021 “Шу қадар мушкул аҳволдамисан?”da fikr bildirishni o'chirish

Улуғ саҳобалардан Убайда ибн Самиднинг невараси Убайда ибн Волид ҳикоя қилади:

Асҳоби киромдан Абул Ясар одамларга берган қарзларини тўпламоқ учун чиққан эди. Ёнида бир қули ҳам бор эди. Уларнинг иккаласи ҳам бир хил материалдан бир хил қилиб тикилган кийим кийгандилар. Қулнинг қўлида бир тахлам қарз дафтари бор эди.

Қарздорлардан бирининг уйига бордилар ва оиласидан у одамнинг уйдами, йўқлигини сўрадилар. Оиласи “Уйда йўқ”, деб жавоб берди.

Шу чоқда уй эгасининг балоғат ёшига яқинлашган ўғли чиқиб қолди. Бу сафар Абул Ясар ундан:

– Отанг қаерда? – деб сўради.

Бола:

– Сизнинг овозингизни эшитгани заҳоти онамнинг ётоғига кириб олди, – деди.

Абул Ясар қарздор одамга:

– Ташқарига чиқ, уйда эканингни биламан, – деб овоз берди.

Қарздор чиқиб келганида унга:

– Мендан нега яшириндинг? – деди.

Одам:

– Худо ҳаққи, сизга ишнинг тўғриси қандай бўлганини англатаман, – деб сўз бошлади ва гапини бундай давом эттирди. – Пайғамбар алайҳиссаломнинг дўсти бўлган сиздек кишига ёлғон сўзламоқдан, қарзимни қайтараман, деб айтиб, сўзимда тура олмай қолишдан қўрқдим. Ҳақиқатан, жуда оғир аҳволдаман. сизнинг қарзингизни қайтара олмайман, – деди.

Шундан сўнг Абул Ясар билан қарздор одам ўртасидаги суҳбат бундай давом этди:

– Аллоҳ ризоси учун суйла, шу қадар мушкул аҳволдамисан?

– Худо ҳаққи, оғир аҳволдаман.

– Аллоҳ ризоси учун суйла, ҳақиқатан, шунчалик оғир аҳволдамисан?

– Худо ҳаққи, жуда ҳам оғир аҳволдаман.

Шундан сўнг Абул Ясар қарз дафтарини қўлига олди ва унинг қарзини ўчирди.

– Кейинроқ имконинг бўлса, қайтарасан, қайтара олмасанг, зиммангда шу қарзинг сенга ҳалол бўлсин, деди ва сўзини давом эттирди: – Расули акром соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳозир айтадиган ҳадисни сўзлаганларини

шу икки кўзим кўрди,

шу икки қулоғим эшитди,

шу қалбим ҳам яхшилаб ўрганди.

Аллоҳнинг элчиси бундай марҳамат қилдилар:

Бир киши машаққат ичида бўлган қарздорга қарзини қайтариш вақтини узайтириб берса ёки қарзидан кечиб юборса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида ўша кишини Ўзининг соясида соялантиради[1].

 

Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

 

[1] Муслим, Зуҳд, 74; Ибн Ҳиббон, ас-Саҳиҳ (Шуайб ал-Арнаут), XI, 423-424; Ҳоким, ал-Мустадрак  (Ато), II , 33; Табароний, ал-Мужмаил-кабир (Салафий), V, 184-185. Шунингдек, қаралсин. Ибн Можа, Садоқат, 14