Мақолалар

Эрининг ёрдамчиси

Чоп этилди Sentabr 19, 2021 Эрининг ёрдамчисиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳазрати Абу Бакрнинг қизи ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қайнопаси Асмо розияллоҳу анҳо ҳикоя қилади:

Жаннат билан муждаланган ўн кишининг бири бўлган Зубайр ибн Аввом билан никоҳланган эдик. У кезларда Зубайрнинг сув ташийдиган туяси билан отидан бошқа на бир моли ва на бир хизматчиси бор эди. Отининг емини мен берардим, уни суғорардим, сув тулуми йиртилса тикардим, хамирни мен қорардим. Фақат нон ёпишни эплай олмасдим. Уни ҳам ансор деганимиз мадиналик қўшни аёллар ёпардилар. Мадиналик аёллар қўшни ҳаққига қатъиян риоя қиладиган ёрдамсевар аёллар эди.

Пайғамбар алайҳиссалом Зубайрга бир хурмо боғи ҳадя қилгандилар. Бу боғ уйимиздан саккиз минг қадам узоқликда эди. Туяга едирмоқ учун у ердан бошимнинг устида хурмо уруғини таширдим. Навбатдаги кунларнинг бирида хурмо уруғини кўтариб келаётганимда Пайғамбар алайҳиссалом билан дучлашиб қолдим. Ёнида ансорлардан бир неча киши бор эди.

Расули акром менга овоз бердилар. Мени орқасига миндирмоқ учун туясини  иҳ, иҳ, дея чўктирмоқчи бўлдилар. Бироқ мен эркаклар билан бирга кетишдан уялдим. Яна Зубайрнинг рашки ёмонлигини ҳам хотирладим. Чунки Зубайр ўта рашкчи одам эди. Аллоҳнинг Расули менинг уялаётганимни кўриб, туясини ниқаб кетдилар.

Уйга борганимдан сўнг Зубайрга бўлган воқеани гапириб бердим:

– Бугун бошимда хурмо уруғини кўтариб келаётганимда Пайғамбар алайҳиссалом билан дучлашиб қолдим. Ёнида асҳобларидан бир неча киши бор эди. Мени мингаштириб олмоқ учун туясини чўктирдилар. Аммо мен уялдим ва сенинг рашкчилигинг ёдимга келди, – дедим.

Гапларимни эшитган Зубайр бундай деди:

– Худо ҳаққи, хурмо уруғини бошингда кўтариб келишинг Пайғамбар алайҳиссалом билан бир туяга миниб келганингдан менга оғир келди.

Асмо сўзини бундай давом эттирди: Отам ҳазрати Абу Бакр отга ва туяга қарайдиган бир хизматчи бергунига қадар бу ишларни қилишда давом этдим. Отам бизга бир хизматчи берганидан сўнг мен худди қулликдан озод бўлгандек роҳатландим[1].

 

Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

 

[1] Бухорий, Никоҳ, 107; Муслим, Салом, 34-358; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, VI, 347