Дин ишлари бўйича қўмитанинг вазифалари белгиланди
Ҳукумат қарори (https://sputniknews-uz.com/20211004/din-ishlari-boyicha-qomitaning-vazifalari-belgilandi-20759011.html) билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Дин ишлари бўйича қўмита дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлашга масъул ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади. У ўз фаолияти юзасидан Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва ҳисобот беради.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг асосий вазифалари:
➖виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
➖Ўзбекистоннинг дунёвий давлат тамойилини амалий рўёбга чиқариш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш;
➖диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш;
➖жамиятда диний-маърифий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш;
➖давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳамда давлат сиёсатида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш;
➖аҳоли орасида конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш;
➖фуқароларнинг хорижий давлатларга ҳамда чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга зиёрат туризмини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш;
➖экстремизм, сепаратизм ва мутаассиблик ғоялари таъсирига тушиб қолган шахсларни, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш, жамиятда тинчлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида маърифий-тарбиявий ишларни олиб бориш, бу борада илғор хорижий тажриба асосида таклифлар тайёрлаш ва бошқалар.