Россияда коронавируснинг янги мутацияси аниқланди
Коронавируснинг “дельта” штамми яна бир турини намоён қилди. У AY.4.2 бўлиб, ҳозирча Россияда ягона ҳодиса ҳисобланади ва келгусида кенг тарқалиши мумкин, деди Роспотребнадзорга қарашли марказий эпидемиология илмий текшириш инстутининг илмий гуруҳи раҳбари Камиль Хафизов.
Куни кеча Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид ҳам мамлакатда “дельта” штаммининг янги варианти тарқалаётгани ҳақида баёнот берган эди. Британиялик олимларнинг маълумот беришича, янги AY.4.2 варианти “дельта” штаммига қараганда 10-15 фоиз тез юқиши мумкин.
“Ушбу мутациянинг қай даражада юқимли эканини аниқ айтиш ҳозирча мураккаб, олимлар тадқиқотни давом эттирмоқда”, дейилади хабарда.
Хафизовнинг таъкидлашича, AY.4.2 турининг Россия ва дунё бўйлаб тарқалиш эҳтимоли жуда юқори.