Ҳазрати Абу Бакрнинг сезгиси
Энг кўп ҳадис ривоят қилган уч саҳобий – Анас ибн Молик, Абу Саид ал-Худрий ва Абдуллоҳ ибн Аббос розиялоҳу анҳум ҳикоя қиладилар:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хасталиги оғирлашганида ансорлардан (Мадина мусулмонларидан) баъзилари бир ерга ўтириб олиб йиғлардилар. Шу вақтда Расули акромнинг амакиси ҳазрати Аббос билан ҳазрати Абу Бакр у ердан ўтаётган эдилар. Йиғлаётган саҳобаларга яқинлашдилар ва:
– Нега йиғлаяпсиз? – деб сўрадилар.
Улар:
– Бир вақтлар Аллоҳнинг Расули билан қилган суҳбатларимизни ёдга олдик, шунга йиғлаяпмиз, – дедилар.
Ё ҳазрати Аббос ёки ҳазрати Абу Бакр тўғри Расули акромнинг ёнига борди ва Мадина мусулмонларининг ҳолидан сўз очди.
Буни эшитган Пайғамбар алайҳиссалом бошларига бир бўз боғладилар, сўнгра минбарга чиқиб ваъз айтдилар. Бу у зотнинг минбарда туриб сўзлаган энг сўнгги сўзлари эди. Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг: “Эй инсонлар! Қани менга яқинроқ келинглар”, дедилар. Саҳобалар атрофига тўпланганларидан кейин бундай дедилар: “Ансорлар кундан кунга камаяди, бошқалар эса кўпаяди. Сизга ансорларга яхши муносабатда бўлишингизни васият қиламан. Чунки улар менинг яқинларим ва сирдошларимдир. Улар берган сўзларида туриб, айтган ваъдаларининг устидан чиқдилар. Бунинг эвазига ўзлари ҳақли бўлган Жаннатга етишадилар. Ансорларнинг яхшилик қилганларига жавобан сизлар ҳам уларга яхшилик қилингиз. Хато иш қилганлари бўлса, афу этингиз”.
Бироздан сўнг Расули акром сўзларини бундай давом эттирдилар: “Аллоҳ таоло бир қулини икки нарсадан бирини танлашда ўз эркига қўяди: истагани қадар дунё неъматини ёки Аллоҳнинг ёнидаги неъматларни. У қул эса Аллоҳнинг ёнидаги неъматларни танлади”.
Бу сўзларни эшитган Абу Бакр бир тарафдан тинмасдан йиғларди, бир тарафдан эса: “Ё Расулуллоҳ! Отамиз, онамиз, ҳаммамиз сизга фидо бўлайлик”, дер эди.
Биз унинг бу сўзларига ҳайрон бўлиб қолдик. Ҳатто баъзилар бундай дер эди: “Шу кап-катта одамнинг қилган ишларига қаранг! Пайғамбар алайҳиссалом истагани қадар дунё неъматини ёки Аллоҳнинг ёнидаги неъматларни танлаш имкони берилган бир кимса ҳақида гапиряптилар, у бўлса: “Ё Расулуллоҳ! оталаримиз, оналаримиз, ҳаммамиз сизга фидо бўлайлик”, дейди. Жуда ҳам ғалати одам-а!”
Аслида дунё неъматлари билан Аллоҳнинг ёнидаги неъматлардан бирини танлашда ўз эркига қўйилган қул Пайғамбар алайҳиссалом эканлар ва буни ичимизда энг яхши англаган киши Абу Бакр бўлган экан.
Пайғамбар алайҳиссалом сўзларини бундай якунладилар: “Мендан ҳеч бир нарса кутмасдан молини ва дўстлигини жўмардларча фидо қилган ягона инсон Абу Бакрдир. Агар умматимдан бирини дўст қиладиган бўлсам, Албатта, Абу Бакрни дўст қилган бўлардим. Аммо дин қардошлиги ундан ҳам устундир. Масжидга очилган эшиклардан фақат Абу Бакрнинг эшиги қолади, бошқа эшикларнинг ҳаммаси ёпилади”[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Бухорий, Салот, 80, Фазоили асҳобин-набий, 3, Маноқибул ансор, 11, 45; Муслим, Фазоилис-саҳоба, 2; Термизий, Маноқиб, 15; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, III, 18; Доримий, Муқаддима, 14