Имомлар тақдирланди
Биринчи ноябрь куни Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти мажлислар залида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2021 йил учун обунани уюшқоқлик билан ташкил этган шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳамда отинойиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Анжуман, одатдагидек, Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Йиғилишни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин Баҳауддинов кириш сўзи билан очиб, имом-хатиблар ва отинойилар олдида турган долзарб вазифаларга тўхталди.
Нашриёт даврий нашрлар бўлими мудири Толибжон Низомов мазкур нашрларга обунани 2022 йил учун янада кўпроқ ташкил этиш, халқимизга маърифат улашиш, зиё тарқатишга ҳисса қўшишнинг савоби тўғрисида сўз юритди.
Сўнгра ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги очилаётган масжидлардан фотосуратлар, жойлардан мақолалар уюштиришга келишиб олинди.
“Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетасининг қорақалпоқ тилидаги нашр ишларига масъул Юсуф Сабуров газета ва журналнинг омма орасига янада кенгроқ ёйилиши борасида имом домлалар билан маслаҳатлашиб олди.
Йиғилиш сўнгида обунани уюшқоқлик билан ташкил этаётган шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳамда отинойилар “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Тадбирдан сўнг меҳмонлар Нукус шаҳрида янгидан бунёд этилаётган иккита масжиднинг қурилиши жараёнлари билан танишди. Аллоҳнинг байти қисқа фурсатларда намозхонлар ихтиёрига топширилишини Яратгандан сўраб, хайрли дуолар қилинди.
Т.НИЗОМОВ,
Нукусдан махсус