Жо Байден Трампнинг қайси қарори учун жаҳон ҳамжамиятидан узр сўради?
АҚШ раҳбари Жо Байден собиқ президент Дональд Трампнинг мамлакатни иқлим бўйича Париж битимидан чиқариш ҳақидаги қарори учун жаҳон ҳамжамиятидан узр сўради. Бу ҳақда Жо Байден Глазгода иқлим бўйича бўлиб ўтган саммитда таъкидлаган.
– АҚШнинг олдинги президент маъмурияти иқлим бўйича Париж битимидан чиқиб кетгани нотўғри иш бўлган. Ушбу воқеа айрим муаммоларни келтириб чиқарган бўлса, бундан афсусдаман ва бунинг учун жаҳон ҳамжамиятидан узр сўрайман, – деган давлат етакчиси.
Маълумот ўрнида таъкидлаш керак, 2017 йилда Дональд Трамп Вашингтоннинг иқлим бўйича Париж битимидаги иштирокини тўхтатиш ҳақида баёнот берган эди. Бироқ Жо Байден ўзининг инаугурациясидан кейин АҚШнинг мазкур битимга қайтиши тўғрисидаги фармонни имзолади.
Эслатиб ўтамиз, Глазгода 31 октябрь куни бошланган иқлим бўйича конференция 12 ноябргача давом этади. Саммит давомида ис газини чиқаришни пасайтириш ва углерод нейтраллигига эришиш бўйича қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.