Байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзи
Давлат рамзларини бирма-бир санар эканмиз, булардан байроқни алоҳида эътироф этмасликнинг имкони йўқ. Сабаби шундаки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраган.
Бугун ҳам Ватан байроғи деганда, кўз олдимизда бутун бир мамлакатнинг тимсоли, жаҳоннинг сиёсий-ижтимоий харитасидаги қиёфаси гавдаланади. «Давлат байроғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 2-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир», деб белгилаб қўйилган.
Шунингдек, мазкур қонунга янги 51 ва 52-моддалар киритилиб, давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан фойдаланиш тартиби мустаҳкамланди. Хусусан, 51-моддага кўра, Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилар Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестри ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳаво кемалари давлат реестрига киритилган ҳаво кемаларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Авиация маъмурияти ҳисобида турувчи экспериментал ҳаво кемаларига, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда автомототранспорт воситалари ва улар тиркамаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгиларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг асосий чегара белгисига қўйилади. Қонунчиликдаги бундай ўзгаришлар шубҳасиз, давлатимиз рамзлари элементларидан хусусий манфаат йўлида фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларимизнинг қалбидаги оловни, кўзларидаги жўмардликни кўриб, фахрланамиз. Ана шундай лаҳзаларда ҳеч муболағасиз Ватанимиз байроғини кўзимизга тўтиё қилгимиз келади. Бу фахрланиш аслида юртга бўлган чексиз меҳр ва садоқатнинг ёрқин кўринишидир.
Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!
Суҳроб Абдихафизов,
Тошкент шаҳар «Келажак лидерлари» клуби президенти, Тошкент давлат юридик университет талабаси.