Аргентинада ислом ва мусулмонлар
Аргентина диний архивлар ассоциацияси (ARDA) маълумотига кўра, мамлакат аҳолисининг 2 фоиздан кўпроғи Исломни ўзларининг асосий дини деб билади. XIX юзйилликнинг охири ва XX йиллик бошларида Аргентинага Яқин Шарқдан, аксари ўша замонларда усмонийлар империяси таркибига кирган Сурия ва Ливандан бўлган муҳожирлар денгиз йўли билан келганлар. Уларда турк империяси ҳужжатлари бўлгани сабабли уларнинг ҳаммасини турк ҳисоблашган
Ўша вақтда Аргентинага кириб борган биринчи мусулмонлар иммиграцияси чоғида неча нафар мусулмон бўлгани аниқ эмас. Бироқ у ерда айни чоқда 500 мингдан ортиқ мусулмон истиқомат қилади. Мамлакатда масжидлар ва мусулмонларнинг маданият марказлари кўп. Уларнинг орасида 1989 йил маҳаллий мусулмонлар жамғармаси ҳисобидан Жанубий Америкадаги йирик Ислом марказ қошида барпо этилган жоме масжиди ҳам бор.
Оврўпа ва АҚШдан фарқли ўлароқ Аргентина мусулмонлари, гарчанд, уларнинг эътиқодини тан олмайдиган кимсалар бўлса ҳам исломий урф-одатларга очиқроқ амал қиладилар. Ҳозирги вақтда аргентина жамияти Исломга хайрихоҳлик руҳида ёндашади, мусулмонлар билан аҳоли орасида ўзаро ижобий муносабат шаклланган. Argentina Independent нашрида эълон қилинганидек, мамлакатда «мусулмонларни дискриминация қилиш йўқ», «Аргентина мусулмонлари… ўз динларига ҳеч қандай ноқулайликни ҳис қилмасдан мутлақо эркин тарзда амал қилишлари мумкин».
1995 йил Аргентина президенти Карлос Менеманинг Ар-Риёдга расмий расмий ташрифи муносабати билан Буэнос-Айреснинг Палермо даҳасидан 8 акр (1 акр – 4047 квадрат метр) қирол Фаҳд номидаги масжид қурилиши учун сотилди. Ушбу масжид Аргентина мусулмонлари учун Менема даври бошқарувининг тимсоли бўлиб қолди.
Мусулмонларнинг йирик шаҳар Буэнос-Айресдаги ҳаёти – диннинг қандай қилиб сақланиб қолиши ёки таназзулга учрашига ёрқин мисолдир. Аргентинага XIX-XX асрларда хориждан ярим миллионга яқин мусулмон кириб борган. Бироқ шу кунга қадар ҳам, аҳолининг табиий кўпайишига қарамасдан, ўзини мусулмон деб ҳисоблайдиган аргентиналиклар сони ўзгармаган. Маҳаллий журналистларнинг ёзишича, Буэнос-Айресдаги масжидга мунтазам қатнайдиган жамоалар раҳбарлари статистикада ўлкадаги мусулмонлар сонининг бу қадар кўп кўрсатилишидан ажабланадилар. Чунки масжидларга жума намозини ўқишга келадиганлар сони кўпинча 20 нафардан ҳам ошмайди. Мусулмон жамоатларининг озроқ қисми диндор ва уларнинг баъзилари доимий равишда ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади ва шу орқали Исломни қабул қилган. Масжидлар қошида Ислом ва Қуръонни ўрганиш курслари фаолият юритади. Шунингдек, мусулмонларни жамоат ишларига сафарбар қилишга йўналтирилган тадбирлар ўтказилади.
2011 Кристин Ф. де Киршнер маъмуриятининг жамоат жойларида аёлларнинг рўмолларини эркин ўраб юришига рухсат берувчи қонунни имзолагани муҳим воқеа бўлди. Ушбу қонун Лотин Америкасида дин ва виждон эркинликнинг кенгайишига ҳамда мусулмонларнинг аргентина жамиятига интеграциялашувига катта ҳисса қўшди. Шунинг билан бирга, янги қонунга мувофиқ муслималар шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларга рўмолини ечмасдан суратга тушиш имконига эга бўлдилар. Ҳукумат шу йўсинда мусулмонларнинг ҳеч қандай дискриминациядан чўчимасдан диний амалларини хотиржам бажаришларини таъмин этиб келмоқда.
Бугунги кунда Лотин Америкаси миллионлаб лотинамерикаликларнинг она тили ҳисобланувчи испанчани биладиган ислом олимлари ва воизларига кучли эҳтиёж сезмоқда. Аргентинада Ислом динига боғлиқ муаммоларнинг асосийси шуки, кўплаб маҳаллий мусулмонлар ўз динлари билан алоқасини йўқотган, ҳатто баъзилар келиб чиқишига ҳам қарамасдан ўзларини мусулмон ҳисобламай қўйган.
Аргентинада Ислом ва радикализмни тенг деб қарайдиган Оврўпа ва АҚШдан кўра, Исломдан камроқ ҳадиксирайдилар. “Шимолий Америка Ислом маркази” бош директори ўринбосари Ваққос Саиднинг (Waqas Syed) айтишича, “Оврўпа ва Шимолий Америкадан фарқли ўлароқ Лотин Америкасида антиислом риторикасига дахл қилинмаган.Маҳаллий мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар орасидаги муомала жуда ҳам ажойиб ва мустаҳкамдир”.
Аргентинадаги мусулмон аҳоли сонининг ҳали ҳам кўп эмаслигининг бир қатор сабаблари бор: исломий урф-одатларнинг йўқолиб бораётгани; кўплаб оилаларда ота-онадан фақат биттасининг мусулмон экани, ёш авлоднинг арабчани билмаслиги, асосий тил испан тили экани; испан тилли аҳолига Ислом ҳақида, ҳатто Қуръоннинг ҳам таклиф этилмаслиги ва ниҳоят Исломни ўрганиш марказлари ва мадрасаларнинг етишмаслигидир. Аргентина мусулмонларининг кўпчилиги мамлакат маданиятига интеграциялашган ва аждодларининг дини ҳақида жуда кам биладилар.
Аргентина муҳожирларни, жумладан, Яқин Шарқдан борган иммигрантларни қабул қилиш борасида кўп асрлик анъанага эга. Зеро, Аргентина мусулмон давлатларидан жуда ҳам узоқда жойлашган бўлса-да, маҳаллий мусулмонлар аждодларидан мерос қилиб олган диний анъаналарга амал қилади ва давлат диний эркинликка шароит яратиб қўйгани боис кўтаринки руҳни сақлаб қолган.
Мусулмон етакчиларининг фикрича, Аргентина Исломга ва ҳақиқий исломий қадриятларга очиқ нуқтаи назарни тарқатишда ижобий роль ўйнайдиган мамлакатнинг мукаммал намунасидир.
Умуман олганда, Лотин Америкаси исломни энди кашф қила бошлади ва умид қиламизки, бу минтақада аҳолининг исломга нисбатан бағрикенглиги йиллар давомида янада ортиб бораверади.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.