Францияда кўплаб баҳсларга сабаб бўлган “Имомлар кенгаши” тузилди
Францияда давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган, лекин баъзи гуруҳлар қарши бўлган кенгаш ташкил этилди, унга мамлакатда хизмат қилиш учун имомларни тайёрлаш ваколати берилди.
Париж масжиди ва 3 Мусулмон Федерацияси томонидан ташкил этилган Франция имомлар кенгаши мамлакатда имомлар тайёрлашда муҳим рол ўйнайди. Мамлакатда имомлик қилмоқчи бўлганлар ушбу кенгашнинг рухсатини олишлари керак бўлади. Франциянинг расман ташкил этилган Имомлар кенгаши 26 кишидан иборат бўлади.
Маълумки, мамлакатдаги мусулмон бирлашмаларининг салмоқли қисми ҳам ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланаётган бу ташаббусга қарши. Бу ташкилотлар орасида турк уюшмалари ҳам бор.
Мазкур уюшма ва ташкилотлар мамлакатда фаолият юритадиган имом-хатибларни тайёрлашда фақат шу муассаса ўз сўзини айта олмайди, деган фикрни билдирмоқда.
Ўтган йили ҳукумат Франциядаги мусулмон фуқароларга хорижий давлатларнинг таъсирини камайтириш учун Миллий имомлар кенгашини ташкил этишни таклиф қилган эди.
Аҳолининг турк мусулмонлари бунга қарши чиқишди
Франциядаги турк мусулмон қатлами президент Эммануэл Макрон жорий йил бошида мамлакатдаги “сепаратизм ва экстремизм” га қарши кураш режаси доирасида мамлакатдаги мусулмон гуруҳлар томонидан имзоланишини истаган “Ислом тамойиллари низоми” ни қабул қилмаган эди.
Турк Мусулмон Жамиятлари Координация Қўмитаси (CCMTF), Франция Ислом Жамияти Миллий Қарашлари (CIMG) ҳамда “Иймон ва Амал” федерациясининг қўшма баёнотида, ушбу низом ҳақида “Матндаги баъзи сўзлар мусулмонларнинг шаънига путур етказиб, уларни айблаш ва четлаштиришга қаратилган” — дея таъкидланган.
Шунингдек баёнотда, ташкил этиладиган Миллий имомлар кенгашининг қонунийлиги унинг мусулмонлар жамоати томонидан қабул қилиниб-қабул қилинмаслигига боғлиқ экани қайд этилди.