Ислом ҳамкорлик ташкилоти Афғонистонга ёрдам кўрсатиш учун мақсадли жамғарма ташкил этади
Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида Афғонистонга фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича фонд ташкил этишга қарор қилинди.
Кеча 19 декабрь куни Покистон пойтахти Исломободда Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 17-навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш якунида Афғонистон дуч келаётган иқтисодий муаммоларни ҳал этишни қўллаб-қувватлаш ҳамда инсонпарварлик ёрдами учун мақсадли жамғарма ташкил этиш таклифи қабул қилинди.
Ислом тараққиёт банки қошида ташкил этиладиган ва бошқа тегишли муассаса ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда ривожлантириладиган ушбу жамғарма Афғонистонга ёрдамни йўналтириш вазифасини ўз зиммасига олади.
Якунловчи баёнотда “Афғонистоннинг молиявий манбаларига киришига рухсат бериш бу мамлакатдаги иқтисодий инқирознинг олдини олиш учун жуда муҳим эканлиги” эслаб ўтилди ва “Афғонистон Марказий банкининг чет элдаги музлатилган захираларидаги миллиардлаб долларларни озод қилиш учун реал йўллар ўрганилиши кераклиги” таъкидланди.