Исроил Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишидаги ролини тан олди
Эронлик генерал Сулаймоний 2020 йилнинг январь ойида Ироқ пойтахти Бағдод яқинида АҚШнинг учувчисиз учиш аппаратлари томонидан уюштирилган зарбада ўлдирилган.
Исроилнинг “Ҳааретз” газетасининг ёзишича, Исроил армиясининг собиқ разведка бошлиғи генерал-майор Тамир Ҳейман Исроил разведка мероси ва хотира Марказига Сулаймонийнинг ўлдирилиши унинг фаолияти давомидаги «икки муҳим ва асосий қотиллик»дан бири эканлигини айтган.
Унинг сўзларига кўра, яна бир қотиллик Ғазода «Исломий жиҳод» ҳарбий етакчиси Баҳо Абул-Атонинг ўлдирилишидир.
«Сулаймонийнинг ўлдирилиши ютуқ, чунки бизнинг асосий душманимиз, менинг назаримда, эронликлар. Менимча, иккита муҳим ва асосий қотилликни қайд этиш мумкин», – деган Ҳейман.
Сулаймоний ўлдирилганидан бир неча кун ўтиб NBC News Исроил разведкаси Қўшма Штатларга уни нишонга олишга ёрдам бергани ҳақида хабар берган.
Ҳейманнинг Исроил армиясининг разведка бошқармаси бошлиғи лавозимидаги муддати октябрь ойида тугаган. Унинг таъкидлашича, Исроил бутун минтақада Эрон қуроллари ва маблағлари тарқалишини чеклашга қаратилган кўплаб операцияларни амалга оширган.