Хитойда рақамли прокурор яратилди: 97 фоиз аниқлик билан айбловларни илгари суради
Хитойлик олимлар жиноий ишнинг оғзаки сўзлаб берилганига қараб айбловни 97 фоиз аниқлик билан илгари сурадиган сунъий интеллектни яратди.
South China Morning Post газетасининг ёзишича, янги технология Шанхайдаги Пудун тумани халқ прокуратурасини тестдан ўтказиб кўрди. Олимларнинг ишонч билан таъкидлашича, ушбу технология прокурорларнинг кундалик иш юкламаларини енгиллатиши мумкин, натижада улар ўз эътиборларини янада мураккаброқ вазифаларга қаратиш имкониятига эга бўлади.
Рақамли терговчи Шанхай судида 2015 йилдан 2020 йилгача кўрилган 17 мингта ишни ўрганиб, зарур тажриба ва билимга эга бўлди. Ҳозир у Шанхайда кредит карталари билан боғлиқ фирибгарликларни, қимор ўйинлари ташкилотчиларини, хавфли ҳайдовчиларни, атай жароҳат етказувчиларни, ҳокимият вакилларининг ўз вазифаларини бажаришга тўсиқ яратувчиларни, ўғриларни ва товламачиларни аниқлаб, уларга нисбатан айблов эълон қила олади.
Олимларнинг таъкидлашича, келажакда рақамли прокурор янада каттароқ жиноятларга ҳам айблов эълон қила оладиган бўлади. Хитой жаҳонда биринчи бўлиб сунъий интеллект технологиясини прокурорлик ишига жорий эта бошлади. 2016 йилда мамлакатда исбот-далилларни, қамоққа олиш шартларини ва жиноятда гумонланувчининг жамият учун қанчалик даражада хавф туғдиришини баҳолайдиган Тизим-206 технологиясидан фойдаланиш бошланди.