Саъд ибн Робианинг сўнгги сўзлари
Тобеин муҳаддислардан Яҳё ибн Саид ал-Ансорий ҳикоя қилади:
Уҳуд жанги бўлган кун эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Саъд ибн Робианинг[1] аҳволи ҳақида ким менга хабар келтиради, –дедилар.
Бир киши (бу одам ё Убай ибн Каъб ёки Муҳаммад ибн Маслама эди):
– Ё Аллоҳнинг Расули! Мен келтираман, – деди.
Сўнгра жасадларнинг орасидан уни ахтара бошлади. Уни кўрган Саъд ибн Робиа:
– Бу ердан нима излаяпсан? – деди.
У зот:
– Пайғамбар алайҳиссалом сенинг аҳволингни билиб келишим учун мени юбордилар, – деди.
Саъд ибн Каъб унга бундай деди:
– Пайғамбар алайҳиссаломга ўн иккита жароҳат олганимни, уларнинг ҳар бири ўлимга олиб келувчи жароҳат эканини хабар бер. Мадиналикларга шуни етказ: агар улардан бирортаси ҳаёт эканида Аллоҳнинг элчисига бир нарса бўлса, улар Аллоҳнинг ҳузурида илгари суришга ҳеч қандай узр ва баҳона топа олмайдилар”[2].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] 1-Бу ҳодисанинг қаҳрамони Саъд ибн Робиа мадиналик мусулмонларнинг дастлабкиларидан эди. Ақоба байъатида ҳам уларнинг вакилларидан бир эди.
Пайғамбар алайҳиссалом бир муҳожир билан бир ансорни биродар деб эълон қилганларида уни Абдурраҳмон ибн Авф билан биродар қилгандилар. Саъд Абдурраҳмон ибн Авфга бундай деган эди:
“Биродарим! Мен ансорнинг энг бадавлатиман, молимнинг ярими сеники бўлсин. Иккита аёлим бор, қайсисини ёқтирсанг, ўшани бўшатаман, унга уйланиб ол”.
Бироқ яхши тужжор бўлган Абдурраҳмон ибн Авф ҳар икки таклифни ҳам қабул этмади ва унга: “Оилангни ҳам, молу давлатингни ҳам Аллоҳ ўзингга насиб айласин. Биродарим, сен менга бозорнинг йўлини кўрсат”, деган эди.
[2] Молик, Муваттоъ Жиҳод, 40; Ибн Саъд, ат-Табароқот ул-кубро, III, 523-524. Шунингдек, қаралсин. Заҳабий, Сияри аламин-нубало (Арнаут), I, 318-320