Мақолалар

«Ёмонликдан қайтаришда бирор шахс ёки ҳудудга нисбат берилмайди» – муфтий Нуриддин ҳожи Холиқназаров

Чоп этилди Fevral 8, 2022 «Ёмонликдан қайтаришда бирор шахс ёки ҳудудга нисбат берилмайди» – муфтий Нуриддин ҳожи Холиқназаровda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин ҳожи Холиқназаров Тошкент шаҳридаги «Олтинтепа» жоме масжидидаги мавъизасида кишиларнинг хатоларини омма олдида гапирмаслик, бирор инсон ҳақида турли салбий гапларни баралла айтмаслик масаласига тўхталдилар.

«Одамларни яхшиликка чорламоқчи бўлганимизда эҳтиёткор бўлишимиз, инсонларнинг қалбига озор бериб қўймаслигимиз керак. Айниқса, аҳли илмлар бу минбардан ўзимизнинг шахсий мақсадларимизда фойдаланмаслигимиз керак. Мен республикамиздаги имомларга минбарда туриб шахсларниниг номини айтиб гапирмаслик, шахсиятга тегмаслик, маълум бир ҳудудга нисбатан салбий гап айтмаслик бўйича буйруқ ҳам чиқардим. Чунки бу умматни бир-бирига душман қилади.

Баъзан тарихда шундай ишлар бўладики, уларнинг исмлари айтилмайди. Биз эса исмини айтиб, маконларини айтиб уларни эл ичида маломатга қолдирамиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шунчалик эҳтиёткор эдиларки, ҳеч кимнинг қалбига озор бермасдилар. Кимлардир ҳақида гапирганда уларнинг исмини айтмас, фалончи ва пистончи дердилар. Динимизни осонлаштириш, безириб қўймасликка ўргатар эдилар.

Биз ҳеч қачон гуноҳ қилаётган одамнинг гуноҳига рози бўлмаган ҳолда, одамларга нафрат қилмай, уларнинг қилган гуноҳига нафрат қилиб, тарбия беришимиз керак. Ана шунда бир-биримизни севувчи, яхши кўрувчи бўламиз», – деди Нуриддин домла Холиқназаров.