Украинада озиқ-овқат нархи ошмоқда
Мамлакатда сўнгги 5 йил ичида нон нархи рекорд даражага кўтарилди, — деб ёзади Украинанинг “Страна” нашри.
Буғдой нони 2021 йил ёзидан бошлаб қимматлаша бошлади, сентябрга келиб эса нарх, деярли, 50 тийинга ошди. Ўша вақтдан буён нон нархи кўтарилишда давом этяпти. Февралга келиб нарх ўсишида беш йиллик рекорд кўрсаткич, яъни 25,9 гривна (0,92 доллар) қайд этилди.
Жавдар нон нархи ҳам ошяпти. Мазкур маҳсулотни январда супермаркетдан 30,6 гривна (1,09 доллар)га сотиб олиш мумкин эди, февралда эса бундай нон нархи 31,5 гривна (1,12 доллар)га етди.
Украинада нафақат нон, балки бошқа маҳсулотлар нархи ҳам кўтариляпти. Масалан, бор-йўғи бир йил ичида борш тўплами икки баравар қимматлади. Шунингдек, кунгабоқар ёғи қиймати йил давомида 85,5 фоиз ошган. Экспертлар фикрича, нарх-наво ҳали ўсишда давом этади.