Огоҳлик. Динга хизматни эҳтиёткорликдан бошланг!
Умму Анас розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан насиҳат қилишни сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ: “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади” (Табароний, 6735-ҳадис), дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифда иккита сўз изоҳ талаб қилади. Уларнинг биринчиси, “ҳижрат” сўзи бўлиб, ўзбек тилида “тарк этмоқ” маъносини беради. Истилоҳда эса Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида “куфр диёри”ни тарк этиб “Ислом диёри”га кўчишга айтилади.
Хўп, “куфр диёри” қандай юрт? Аллоҳга имон келтирмайдиган жамиятдан ташкил топган ва ана ўша кимсалар бошқарадиган юртга куфр диёри – кофирлар яшайдиган ҳудуд дейилади.
Ҳадиси шарифда ушбу калиманинг ботиний маъноси ирода қилинган. Яъни банда ўзининг феълида куфрга сабаб бўладиган гуноҳларни тарк этиб, маъсиятлар чегарасидан ошиб ўтиб, имон-эътиқод, чиройли хулқ диёрига кириб олмоғи зарур.
“Жиҳод” сўзи ўзбекчада “астойдил ғайрат қилиш” маъносини билдиради. Истилоҳда эса жиҳод уч хил бўлади: нафс билан курашиш; шайтон билан курашиш; босқинчиларга қарши жанг қилиш.
Яратганга шукрки, юртимиз тинч, эмин-эркин ҳаёт кечирмоқдамиз. Бу ҳолатда бизнинг жиҳодимиз қандай бўлади? Шариатимиз буюрган амалларни чин муҳаббат билан бажариш – энг катта жиҳоддир. Шунингдек, Ватан равнақига ҳисса қўшиш – жиҳод, ота-онага хизмат қилиш – жиҳод, оиласи таъминоти учун елиб югуриш – жиҳод.
Аммо азал-азалдан мунофиқлар ўзларининг разил мақсадларини амалга ошириш учун инсонларнинг энг ҳассос туйғуси бўлган диндан фойдаланиб келган.
Бузғунчиларнинг тарғиботчи саудиялик Муҳаммад ал-Орифий тўққиз йил бурун аёлларни Сурияга йўл олиб, ўз таналари билан “жиҳодчи”ларни қўллашга, яъни “жинсий жиҳод”га чақирди. У бу ишни қилган аёллар жаннатга тушади, деб иддао қилди. Ҳатто эри бор аёлларни ҳам террорчилар билан “бўлиш”га даъват этди.
Оқибатда динга муҳаббати зиёда, аммо содда ва гўл аёллар унинг алдовига ишониб, бутун дунёдан Сурияга қараб кела бошлади. Ҳатто британиялик 18 ёшли Сафа Булар ҳам Сурияга “жинсий жиҳод”га кетмоқчи бўлганида қўлга олинди.
Таассуфки, террорчиларнинг алдовига учганлар орасида ўзбекистонлик аёллар ҳам бор. Улар ўзларича динга хизмат қиламиз деб нотинч ўлкаларга бориб қолаётгани ва террорчилар орасида қўлма-қўл бўлаётгани хабари турли манбалар орқали тарқатилмоқда.
Демак, юқорида айтиб ўтилган учта жиҳоддан бошқа жиҳод йўқ. “Жинсий жиҳод” – зино, фаҳш. Шу ишни қиламан деб чиққан аёл зоти борки, биринчи қадамиданоқ амал дафтарига гуноҳи кабирлар ёзила бошлайди: мусулмонлар юртидан ўз билганича “ҳижрат” қилиш – гуноҳ, маҳрамсиз узоқ сафарга чиқиш – гуноҳ, эри бўла туриб бошқа эрга тегиш – гуноҳ, иддасини сақламасдан янги эрга тегиш – гуноҳ…
Динимизга хизмат қилиш орзусида йўлини топа олмай юрган муҳтарама аёллар! Хориждаги аллақайси бемазҳабларнинг пуч даъволарига ишонманг! Улар сизни жаннатга бошлайман, деб шу дунёнинг ўзидаёқ дўзахга туширади… Динга хизматни эҳтиёткорликдан бошланг! Зотан, сизнинг болаларингизга бош бўлиб уйгинада ўтирганингизнинг ўзи ҳам динимиз, Ватанимиз равнақига қўшган муносиб хизматингиздир.
Шуни яхши билингки, агар ҳар бир киши ҳижрат ва жиҳодни ўзининг ботинида қилса, ер юзида асло уруш-низо бўлмайди. Аксинча, бутун дунё гулзорларга, чаманзорларга бурканади!
Дамин ЖУМАҚУЛ