Литвада Ислом
Литва мусулмонлари – сунний. Уларнинг аксари бу юртдан олти юз йил аввал қўним топган татарларнинг авлодларидир. Литва князлари уларни салибчилар босқинидан ҳимоя қилишга таклиф қилиб, татар рицарларига чегарадан, шаҳарлар ва қалъалар яқинидан ерлар тақдим этдилар ҳамда уларга тўлиқ эътиқод эркинлиги ва турли имтиёзлар бердилар. Натижада ўзларига содиқ жангчиларга эга бўлдилар. Литва Буюк Герцоглиги ерларида татарлар ўзларининг этник маданиятининг барча хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда иккинчи ватанини топдилар. Мусулмонларнинг бу маконга жойлаб қолганининг муҳим омили – уларга синфий имтиёзларнинг, яъни амирлар, шаҳзодалар, мурзалар (зодагонлар) унвонларини сақлаб қолиш ва аждоддан авлодга мерос бўлиб қоладиган оилавий нишонларга эга бўлиш ҳуқуқи тақди этилгани эди. Мусулмонларга янги масжидлар қуришга рухсат берилди, татар зодагонлари мақоми литва ва поляк аслзодалари билан тенглаштирилди.
ХIХ асрнинг иккинчи ярми, ХХ аср бошларида жанговар татарлар авлоди шифокорлик, ҳуқуқшунослик, олимлик, давлат хизматчилиги бошқа касбларни ҳам танлай бошладилар. Шу билан бирга, Литва мусулмонлари анъанавий равишда боғдорчилик, кўнчилик ва аравачилик билан шуғулланиб келган. Ҳатто темир йўллар пайдо бўлгунга қадар аравачилик қилиб юкларни манзилларга етказиш татарларнинг монополияси бўлган деса ҳам бўлади. Татар аравачилари юкларни узоқ масофаларга – Краков, Познан, ҳатто Қримга ҳам етказиб боришган. Шунингдек, татар кўнчилари узоқ вақтдан бери сифатли, юмшоқ ва бардошли тери ишлаб чиқариш билан машҳур бўлган. Ҳозирги кунда ушбу ҳунармандчилик сирларини биладиган одамлар бор бўлса-да, у билан ҳеч ким шуғулланмай қўйди.
Литва мусулмонларининг маданияти ХХ асрнинг урушлараро даврида, Вильнюс шаҳри асосий маданият марказига айланганда гуллаб-яшнади. Ака-ука Леон ва Олгерд Кричинскийларнинг саъй-ҳаракатлари билан бу ерда фундаментал “Татар йилномалари” пайдо бўла бошлади, улар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. 1925 йилда таниқли шарқшунос олим, Берлин университети доктори Якуб Шинкевич муфтий этиб сайланди. Айни вақтда Вильносда мусулмонлар учун музей, архив ва кутубхона ташкил этилган.
Литва мусулмонларнинг кўплари Иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлди, қатағондан қутулиш учун қочқинликка кетган ёки сургунга учради. Шўро даврида жамиятнинг маданий ва диний ҳаёти бутунлай турғунликка учради. Маъмурий-буйруқбозлик ва колхоз тузуми бир неча асрлар давомида шаклланган анъаналарни, ижтимоий тузумни барбод қилди.
Литва мусулмонлари жамияти 1988 йилнинг сентябрида қайта тикланди. Ўтган йиллар ичида омборга айлантирилган масжидлар қайта таъмирланди, маънавият уюшмалари ташкил этилди. Райжяй қишлоғида маҳаллий мусулмонлар жамоат уйи қурдилар.
Мусулмонларни ҳамиша Ислом бирлаштириб келган. Чунки Ислом – бутун кишилик жамиятини бирлаштирувчи омилдир. Шу жиҳатига кўра, Литва татарларининг диний қўлланмалари ва китоблари араб ёзувида қадимги беларус ва эски поляк тилларида ёзилгани характерлидир. Китобларнинг мазмуни бағоят хилма-хил. Уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнингг ҳадислари ва у зотнинг саҳобаларининг ҳаётлари ҳақидаги ҳикоятлар кўп жой эгаллайди. Бу қўлёзма китоблардаги бебаҳо манбалар шарқшунос олимлар учун катта аҳамиятга эгадир.
1990 йилнинг ўрталарида мусулмонларнинг ягона диний ташкилоти тузилди ва бир йилдан сўнг у Литва мусулмонлари диний бошқармаси – муфтийлик деб аталди. Яна у билан бир вақтда Литва татарлари жамияти қайта очилди. Бу ишга журналист Менсаид Байрашевский ва Каунас технология университетининг доценти, доктор Ромуалдас бутун қалб қўрини бағишладилар.
Мусулмон жамияти ҳақида радио ва телевидениеда кўп гапирилади, газеталарда ёзилади. “Мен татар мурзаларининг авлодиман…” номли ҳужжатли фильм яратилиб, 2005 йилда Қозон шаҳрида бўлиб ўтган Биринчи мусулмон фильмлари фестивалида ҳужжатли фильмлар номинациясида энг яхши сценарий учун бош мукофотга сазовор бўлди. 2006 йилда Тракай тарихий музейида, 2007 йил баҳорида Буюк Витаутас номидаги Ҳарбий музейда Литва татарлари тарихига бағишланган “Литва татарлари – жангчилар” доимий кўргазмаси очилди. 2008 йил “Литва татарлари тарихи ва маданияти” китоби кенг оммага тақдим этилди.
Кейинги йилларда эса масалалар навбати билан ҳал этилмоқда: Вильнюсдаги масжид қайта тикланди. Немежис ва Қирқ татар қишлоқларида жамоат уйлари, шунингдек, Каунасда татар маданияти маркази қурилди.
Аллоҳ таолонинг тақдирига кўра, Литва мусулмонлари Литва, Польша ва Белоруссияда яшаб қолган. Сўнгги йилларда Литва татарлари жамиятлари иттифоқи Қозондаги Бутунжаҳон татарлар конгресси ва Қрим-татар халқи мажлиси билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.