Олисларга учаётган “она қушлар” ёхуд пул топиш меҳр беришдан устунроқми?
Мамлакатдан четга чиқиб ишлаш бугун бутун дунёда давом этаётган жараён.
Тирикчиликнинг янги йўлларини излаш одамзотга хос хусусиятдир. Аммо чет элларга пул излаб кетаётганларнинг ортида қолаётган фарзандларининг ҳаёти қандай кечяпти? Баъзи тақдирларга дуч келганда пул топиш меҳр беришдан устунроқми, деган савол туғилади.
“ОЙИЖОН, ҚАЧОН ҚАЙТАСИЗ?”
(Холасининг уйида яшаётган қизнинг мактуби)
“Ойижон! Мен ҳар куни тунда сизга мактуб ёзаман. Уларни юбора олмасамда, барибир ёзавераман. Йиғиб қўйсам, бир куни уйга қайтганингизда, албатта ўқийсиз. Саида холам билан жиянларим ўз хонасида ухлашяпти. Укам ва синглим ҳам аллақачон донг қотган. Ойижон, сизсиз яшаш жуда қийин экан. Нега бизни ташлаб, узоқларга кетдингиз?
Холам билан ҳечам келиша олмаяпман. Уни тушуниш қийин. Бир қарасангиз бизга меҳрибон бўлиб қолади. Баъзида шундай жаҳлга берилиб кетадики, ҳамма ишимиздан айб топиб уришаверади. Тўғри, унга ҳам осон эмас. Беш болага овқат тайёрлаш, кирларини ювиш, яна касал бўлганида шифокорга югуриш… Бу ёқда эса ичувчи поччам…
Қизи Барнонинг юраги хасталиги холамга ёмон таъсир қиляпти. Сиз юборган пулларга фақат дори сотиб олади. Аммо унда ўзгариш сезилмаяпти. Доим ранги оппоқ, сал ўйнаса чарчаб қолади. Шунинг учун холам укаларимга ҳам уйда югуриб ўйнашларига рухсат бермайди. У билан бир уйда яшашдан зерикдик.
Ойижон, сиздан жуда-жуда хафаман. Нега дадам билан ажрашдингиз? Кўп пул топмаса ҳам, ўзимизнинг уйимиз, бувим, аммаларим, амакиларим бор эди. Ана энди холамнинг тор уйида яшашга мажбурмиз. Сиз пул топиб, уй олиш учун узоқларга ишлагани кетдингиз. Буёқда биз сизсиз қийналяпмиз. Шу ерда ҳам ишлаб, пул йиғиб, уй олса бўлмайдими? Ана қўшнимиз Диёранинг дадаси касал. Бир жойда ётади. Лекин ойиси чет элга кетиб қолгани йўқ, уйида тикиш қилади. Жамолнинг дадаси кўп ароқ ичади. Ойиси кўча супуради, сут-қатиқ сотади. Ҳеч ким Жамолнинг устида кулиб, “Ойинг кўча супурувчи”, демайди. Менга эса ҳамма олақараш қилади. У ёқларда ҳалол ишлаб пул топганингиз билан барибир одамлар бошқача тушунади. Қачон қайтасиз, ойижон! Сизга айтадиган гапларим жуда-жуда кўп”…
ДУНЁ КЎРИБ, “ДУНЁ”ЙИМНИ ЙЎҚОТДИМ
—Ўткан куни ўғлимни невропотолог кўригига олиб боргандим. Мендан олдин навбатда турган бир аёл беш-олти ёшли боласини коляскага ўтирғизиб олганини кўриб савол бердим, – дея ҳикоя қилди Нилуфар Болтабоева.
— Узоқдан келасизми?
— Йўқ, уйимиз шифохонага яқин. Ўғлим ўзи юролмайди. Шунга…
— Нима қилган?
— Турмуш ўртоғим билан хиёнат туфайли ажрашгач, ота-онамникига қайтиб бордим. Онам билан ҳечам келиша олмадик. Ҳар гапининг бирида битта эрни эплолмадинг, чидашинг керак эди, от айланиб қозиғини топади, деяверди. Охири тўйиб кетганимдан ижара уйга кўчиб ўтдим. Қулоғим тинчирмикан, дегандим, қаёқда. Акам иккиси турмушга узатиш ҳаракатига тушиб қолишди. Ҳаётимни ўзим ҳал қиламан деб туриб олганимдан кейин ўз ҳолимга қўйишди.
Ўғлимни энагага топшириб бозорда савдо-сотиқ билан шуғуллана бошладим. Бир аёл билан танишиб, опа-сингил бўлиб қолдик. Унинг ёрдами билан чет элга ишлагани кетдим. Ўғлимга қарайдиган одам ҳам топиб берди. Бошида ёшгина энага топилганидан хурсанд бўлгандим. Кейин эса роса афсусландим. Ҳар ой келишилган пулни юбориб турдим. Кетаётганимда ўғлим бир ёш эди. Беш ёшга тўлганида бир хонали уйга етадиган маблағ билан қайтдим. Аммо ўғлимни юролмаслигини, бир жойда ўтирганини кўриб, дод солиб юбордим.
Ўғлим эндигина тетапоя бўлиб, юришга ҳаракат қилганида зинадан йиқилиб тушган. Энагаси ёшлик қилибми, пулни қизғонганми шифокорга кўрсатмаган. Бу ҳақда менга ҳам айтмаган. Шифокорга олиб борганида эса кеч бўлган. Қаттиқ зарба боламнинг асаб толаларига кучли таъсир қилган экан. Мана энди топган пулимни боламни тузатишга сарфлаяпман. Дунё кезаман деб, қора кўз боламнинг олдида айбдор бўлиб қолдим.
Хорижга бориб пул топиб, оиласини иқтисодий таъминлаш ҳар кимнинг шахсий иши. Мамлакатимизда бунга чеклов йўқ. Лекин бола соғлиғини асраш, тарбиясида ҳар дақиқа ҳам ғанимат эканини унутмаслигимиз зарур.
Нигора Раҳмонова, ЎзА