Эт емас эшон ким эди?
Эт емас эшон – бағдодлик cухравардия тариқати асосчисининг ўғли, Шайх Зайниддин ота авлодларидан бўлиб, 1833 йили Тошкент шаҳрининг Камолон маҳалласида дунёга келган. Отаси унга Бобохон деб исм қўйган бўлса-да, Бобохон умрбод гўшт тановул қилмагани учун халқ уни эъзозлаб, “Эт емас эшон” деб атаган.
Бобохон аҳли илм хонадонида таваллуд топгани учун ёшлигидан илмга қизиқиб, отаси “Шайх Зайниддин” жоме масжидининг имом-хатиби Шодмонхон ҳожидан илм ўрганиб, ўн ёшида Қуръонни ёд олган. Кейинчалик “Кўкалдош” мадрасасига ўқишга кириб, ҳамма фанларни мукаммал ўзлаштирган.
Падари бузруквори Шодмонхон ҳожи вафотидан сўнг Бобохонни отаси ўрнига масжид имомлигига таклиф қилишган. Бобохон “илм олиш билан машғул бўлиб, бирор касб-ҳунар ўрганган эмас деб, бу таклифни рад этган”. Чунки барча улуғларимиз касб-кор орқали тирикчилик ўтказишган.
Бобохон халқ орасида илму тақвоси билан машҳур бўлган миришкор деҳқон Солибек Охунга шогирд тушиб, деҳқончилик илмини ўрганган. Сўнгра тасаввуф шайхларидан бири Пискент туманидаги Янгиқўрғон қишлоғида яшовчи Шоюсуф ҳожига шогирд тушиб, тасаввуф илмидан таълим олади. Риёзатлардан сўнг бу зот умрининг охиригача гўшт емаган. Шу боис халқ орасида “Эт емас эшон” номи билан машҳур бўлган.
Бобохон 35 ёшида оила қурди. Деҳқончилик билан шуғулланади. Эт емас эшоннинг обрў-эътибори кун сайин ошиб, муридлари кўпаяди.
Эт емас эшон муридлари билан бирга Тошкентдан 30 километр узоқликдаги қаровсиз ерни обод қилиб, серунум жойга айлантиради. Эт емас эшон шу ерда бир қўрғон қуриб, муридларига ҳам уй-жойлар қуришни таклиф этади. Муридлар ҳам пахсадан уйлар қуришади. Одамлар кўпайгач, эшон ота халқ манфаатини кўзлаб, бозор қуради. Бозорда ҳунармандлар учун шароитлар яратилади. Шу муносабат билан бу жой “Эшон бозор” деб аталади. Муридлар маслаҳатлашиб, ҳашар йўли билан катта масжид барпо этиб, Эт емас эшонни имом қилиб сайлашади.
БУЮК ХИЗМАТЛАРИ
1892 йили Туркистон музофотида вабо тарқалган эди. Тошкент, Чимкент, Сайрам ва Қизил Ўрда оралиғидаги вабога чалинган инсонларни даволашга жонбозлик кўрсатган. Қўлларини беморнинг бошига қўйиб, дуо қилганидаёқ Аллоҳнинг инояти ила беморлар шифо топаверган. Ўша даврда эшон бобо 60 ёшда бўлган. Беморларни даволаш учун у аравада олиб юрилган.
Вабодан инсонларни қутқариб қолгани туфайли Туркистон халқи у зотни ардоқлаб, ўзларига пир деб қабул қилган.
КАРОМАТ – ҲАҚ
Ўша пайтда Туркистон ўлкаси Чор Россиянинг ярим мустамлакаси бўлиб, ҳукумат уларнинг қўлида эди. Давлатнинг ярим подшоҳи деб ном олган Туркистон генерал губернатори Константин Петрович Фон Кауфман бошқарар эди. У Эт емас эшоннинг кўпгина кароматларини кўриб, ҳайрон бўлиб тушуна олмаган.
Иттифоқо, у охир касалликка чалиниб, юролмай қолган. Туркистондаги шифокорлар уни даволай олишмайди. Машҳур попларни ҳам чақиришади, аммо уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Шунда Кауфман Эт емас эшонни келтиришни буюради. Ёрдамчилари Эт емас эшон ҳузурига келиб, вазиятни тушунтириб, генерал губернатор Фон Кауфман чақираётганини айтишади. Шунда оддий киши чорласа, “лаббай” деб борадиган эшон Кауфмандан заррача қўрқмай, ўзи келсин, дейди.
Кауфман кела олмаслигини айтиб, яна одам юборади. Бу сафар ҳам эшон ўзи келсин, дейди. Ҳеч қандай иложи йўқлигини билдириб, яна одам жўнатади. Бу сафар ҳам ўзи келсин, деган жавобни олади. Ноилож қолган Кауфманни фойтунда эшоннинг олдига олиб боришади. Эшон фойтунга чиқиб, қўлларини теккизмасдан асолари билан Кауфманнинг қорнини силаб қўяди. Кауфман шу онда соғайиб кетади.
Эт емас эшон кўп моддий тушум, (пул, бойлик), даромад ва эҳсону ҳадяларни ҳақдорларга тарқатиб юборган. У киши оиласи билан Тошкент шаҳри Камолон маҳалласидаги укаси Зайнулобидиннинг ҳовлисида истиқомат қилган.
Ҳар йили Эт емас эшон қариндош-уруғларини йиғиб, уларнинг ҳолидан хабар олиб турган. Бир йилда бир-икки марта сўфийларни йиғиб, беш юз муҳтож ва эҳтиёжманд оилага эҳсон қилган.
1870 йили Тошкентда 60 нафар авлиё бўлиб, шулардан тўрт нафари Эт емас эшоннинг даражаси билан тенглаша олган. Эт емас эшоннинг фарзандлари бўлса ҳам, укаси Зайнулобидиннинг Саид Ориф исмли боласини ўғилликка қабул қилиб, комил инсон қилиб тарбиялаган.
Эшон ота 80 ёшга кириб, умри охирлашганини сезиб, Саид Орифдан “Ўғлим! Мендан қандай тилакларинг бўлса, сўраб ол!” дейди. Шунда у икки дунёда ҳам фарзандим денг, деган экан.
Анъанага мувофиқ, тариқат пирлари ўз муридларидан камолотга етган, ўз ишларини давом эттирувчи халифаларига иршод хати ёзиб бериб, ўзлари кийиб юрган хирқа (тўн)дан бериш одатлари бўлган. Шунга биноан, Эшон ота ҳам кенжа ўғиллари Имомиддин ва Саид Орифга хирқаларини бериб кетган.
Қозоқ халқи у кишининг кенжа ўғли Имомиддинни ихлос билан “Тўражон” деб ҳурмат қилишган.
Эт емас эшон ота 1913 йили 80 ёшида боқий дунёга риҳлат қилади. У зотнинг жанозасига бутун Тошкент халқи қатнашади. Бобоси, Шайх Зайниддин отанинг мақбараси яқинига дафн этилган.
Аҳмаджон БОБОМУРОДЗОДА
Ҳидоят 7-21