ЮРАГИМДА ҚОЛДИНГ, АЁ СОФИЯ!
Аё София. Бу музей сари борар эканман, унинг ички табассумидан, меҳрга йўғрилган салобатидан, виқор тўкиб туришидан ботиний ва зоҳирий оламим қуёш янглиғ ёришиб кетди. Ҳа, замон эврилишларидан кейин у чинакам бахт қасрига айланди. Ҳозирда унда таровеҳ намозлари ўқилиб, ёзги Қуръон курсларида каттаю кичик таҳсил оляпти. Айниқса, унинг бағрида жажжи болажонларнинг шаталоқ отиб ўйнаб ҳамда яйраб илм олаётганидан қадим Аё София ҳам мамнун. У гўёки невара-чеваралари келиб бағри тўлиб қолган бобо-буви сингари хурсанд…
Аллоҳнинг мўъжизаси, меъморларнинг маҳоратли меҳнатлари туфайли кейинги авлодларгача етиб келган бу улуғ кошона улуғворлик ила ҳар куни минглаб, миллионлаб сайёҳларни кутиб-кузатади.
Мен унинг кечмиши билан хаёлан сўзлашарканман, маъюс хотиралари тилга кирди:
– Мен 360 йилда бунёд этилиб, Византия императори Константин томонидан очилган черков бўлганман. Ёғоч томим 404 йилда ёниб кетади. Ўша пайтда биринчи марта капитал таъмирланиб, Византия императори Юстиниан I буйруғи билан қурилиш ишларидан кейин 532–537 йиллар оралиғида ҳозирги кўринишга келганман. Eпископликнинг маркази бўлганим ва Византия империяси учун муҳим аҳамият касб этганим учун барпо этилишимда Византия муҳандиси Милетус Исидор ва математик Траллес Антҳемия жавобгар эди. Қурилишимда 10 мингдан ортиқ ишчилар иштирок этиб, 5 йилу 10 ой давом этганди. Византия тарихчилари ўша даврда дунёдаги энг катта бино эканлигим ҳақида ёзишган. Деворларимдаги мозаикалар иши эса 565–578 йиллар орасида якунланган.
Мен 1204 йилгача бир неча зилзилалар ва ёнғинлардан омон қолиб, кўп бора қайтадан тикландим. 1204 йилда Шарққа юриш қилган салибчилар қўлига ўтиб, 1261 йилгача Рим-католик черковига айлантирилдим. 1261 йилда византияликлар Константинополь ҳукмронлигини қайта қўлга киритгач, мен шўрлик Аё Софиядан яна православ черкови сифатида фойдалана бошлашган. Совуқ тошлару совуқ буддаларга, хочларга қилинаётган ибодатлардан деворларимни нуратгим келарди…
Ўтмиш хотираларини эсларкан, Аё Софиянинг мунгли нигоҳини ҳис этиб, юрагим ўртанди. У қанчалар мағрур ва кўркам бўлмасин, бир онда кўп минг йиллик тарихнинг залворли излари ҳар бир устунида, ҳар бир тошида, ҳар бир безагида оғриқ бўлиб акс этганини сездим. Бироқ Исломнинг мунаввар нури унинг “кўз ёшлари”ни артиб, уни ибодатхона даражасига етказиб улуғлаганининг ҳам шоҳиди бўлдим.
– Мен кимларга бошпана бўлмадим, эҳ-ҳе… 1453 йил 29 майда Усмонлилар империяси султони Фотиҳ Султон Меҳмед Истанбулни эгаллаган пайтда яраланган Византия аскарлари, аёллар ва болалар учун бағримдан жой бердим, мусофирхона бўлдим…
Юрагимда ажиб титроқлар солган Аё София, мен сени илк кўришдаёқ қанчалар севдим, сенинг кўксингни босиб ўтган қанча оғир изларни қалб кўзи-ла кўрдим. Шунга қарамай, ҳануз дилларга эҳтирос уйғотасан, кўнгил қатларига эҳтиром силсиласини соласан. Кечмишларингни яна тинглагим келяпти…
– Фотиҳ Султон Меҳмет мени Усмонлилар ҳукмронлиги остидаги масжид эканимни оммага маълум қилди. Меҳроб ва минбар қуриб, қўнғироқ ва хочни олиб, мозаикаларнинг устини ёптирди. Шунда аср намозини умри мобайнида қазо қилмай ўқиган энг тақводор киши илк жума намозини ўқиб бериши керак бўлганида, не бахтки, бунга 21 ёшли Султон Меҳмет танланди ва 1453 йил 1 июнда биринчи жума намозини ўқишни бошлаб берди. Ишонасизми, ўша онда шунчалар қувондимки, нақшинкор ганчларимгача рақсга тушгандек бўлди.
Бу кўҳна бағрим не-не ҳукмдорларни кўрмади, дейсиз. 1481 йилда Фотиҳ Султон Меҳметдан кейин тахтга ўтирган Султон Боязид II даврида менинг қаватимда яна бир биринчи минора барпо этилди. 1509 йилдаги Истанбул зилзиласи оқибатида бу минора қулаб тушиб, унинг ўрнига ғиштли минора тиклашди.
Султон Салим II ҳукмронлиги даврида истеъдодли меъмор Синан томонидан яна иккита минора қурилди. Шунинг учун ҳам турли вақтларда қурилган 4 минорам бир-биридан фарқ қилади.
Салим II қабри бағримдаги илк султон қабри. Султонлар, уларнинг рафиқалари ва дафн этилган 43 шаҳзодаларнинг ва Султон Мурод III, Султон Меҳмет III, Сафия Султон ва Нурбону Султонларнинг руҳи бағримда ўқилган Қуръондан баҳраманд бўлади. Уларнинг руҳига қўшилиб, борлиғим тиловатлар нури билан ёришади.
Неча бор бузилиб, неча бор таъмирланганимдан сўнг 1934 йил 24 ноябрда яна музей сифатида очишга қарор қилишди. 1935 йил 1 февралда ташриф буюрувчилар учун очилдим. Музей сифатида 1996 йилда Жаҳон ёдгорликларини томоша қилиш рўйхатига киритилдим. Мендек обиданинг гумбази ва миноралари Жаҳон ёдгорликлари жамғармаси кўмаги билан 1997–2002 йилларда реконструция қилинди ҳамда UNESCO жаҳон мероси рўйхатига ҳам киритилдим. Вақти-вақти билан турли бўлимларимда бошланган тиклаш ишлари бугунги кунда ҳам давом этмоқда…
О, қалбимни ўзига бир умрга мафтун этган қадим Аё София! Ҳашаматинг шаҳарнинг тўрт томонидан ҳам кўриниб туриши бу сенинг нақадар улкан ёдгорлик эканингни тасдиқлаб турибди. Маҳобатингга кўпмингсонли сайёҳларинг қаторида таваллолар қиламан, пойинг саждасига эгиламан.
– Маҳобатим қанчалар залворли бўлмасин, асрлар давомида инсонларни лол қолдириб келган бўлишимга қарамай, Константинополь шаҳри ва мендек мотамсаро черковнинг христиан дунёсида аҳамиятимиз шунчалик катта бўлганки, Ватикан католик христианларининг пойтахти бўлса, Константинополь православ-ортодокс христианларининг пойтахти ва мен уларнинг марказий ибодатхонаси бўлганман. Бутун дунёдаги православ-ортодокс христианлари менинг манзилимдан бошқарилган.
Ҳудудида қўним топганим Константинополь 1453 йилда Султон Меҳмет томонидан фатҳ этилгач, шаҳар номи Исломбўлга ўзгартирилди ва кейинчалик Истанбул дея атала бошланди. Шундан сўнг мен учун ёруғ кунлар бошланди. Мени христианлардан тортиб эмас, сотиб олишди. Чунки Ислом – адолатли дин. У ҳеч қачон ҳеч кимнинг мулкига, жонига кўз олайтирмаган, тортиб ҳам олмаган. Адолат мезонлари асосида мени сотиб олиб, вақф деб эълон қилиб, масжидга айлантиришди. Буни тушунмаган аҳолида қўрқув ҳисси уйғонди ва ўшанда шаҳар аҳолиси мусулмонлардан қўрқиб, ҳаммалари қучоғимдан паноҳ излашди. Султон Меҳмет эса бу диннинг бағрикенглигини кўрсатиб, уларни кечирган ва моли-жонини омон қолдирган эди.
Шундан кейин 481 йил мусулмонларнинг масжиди бўлиб хизмат қилдим. Пойимда минг-минглаб мусулмонлар сажда қилганида кошинларим уларнинг тиловатига қўшилиб куйларди, устунларим янада маҳобат касб этарди. Ёшим улуғлигига қарамай, мен яшара бошладим. Мусулмонлар пойим саждасига бош эгганларида ўзимни нақ Байтуллоҳдек ҳис қила бошладим. Минг афсуски, мусаффо тонгларимга яна булутлар соя ташлади. 1934 йили Мустафо Камол Отатурк қарори билан музейга айлантирилиб, сайёҳлар зиёрат қиладиган музей бўлдим. 2020 йил 10 июлда Туркия Олий суди Отатуркнинг бу қарорини бекор қилганидан сўнг яна масжидга айлантирилдим. Менга масжид мақоми берилгач, чин бахтимга эришдим, қайта туғилдим гўё. Бу менинг чинакамига қайта туғилган кунимдир. Асл бахтимни топган кунимдир. 24 июль куни Истанбул рамзи саналган менингдек кўҳна обидада 86 йиллик танаффусдан кейин илк жума намози адо этилди. Илк жума ибодатида мамлакат Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда давлат ва ҳукумат арбоблари ҳам иштирок этди. Менинг орзуларим, умидларим қайтадан гуллади, қувончларим жарангидан кенг саҳним яйраб кетди. Азоннинг ҳар латиф садосидан пойдеворимдан томларимгача қувонаман, ўқилаётган сураларнинг соҳир сеҳридан эса сархушлик ҳиссини туяман. Бошлар саждага ҳар гал эгилганида эса Аллоҳим, пойимда мусулмонлар Сенинг ҳақингга саждалар қилишини умрбодга бардавом қилгин, дея дуолар қиламан.
О, Аё София! Юрагимда қолган Аё София! Сен билан хайрлашиш фурсати етганида ҳар бир кошинингни эъзоз ила кўзга суртарканман, бағрингда ибодат қилиш насиб этганига Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, қучоғингдан пойингни яна зиёрат қилиш илинжида кўксим тўла ғурур билан оғушингдан суғурилиб чиқдим.
Зебо ОМОНОВА