Самимиятда гап кўп
74 ёш тарих силсиласида унчалик кўп вақт эмас. Бироқ эзгу ишлар қилишни одат тусига киритган, доимо хайрли амалларнинг пайида юрган инсоннинг умрини савобларга тўла шу давр безаб, зийнатлаб туради.
Умрини яхшиликлар қилишга бағишлаётган ана шундай саховатпеша инсонлардан бири Нормирза ҳожи Раҳматовдир. Отахон билан суҳбатлашсангиз, баҳридилингиз очилади, яйрайсиз, самимийлигига қойил қоласиз.
Н.Раҳматов умри давомида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган бўлса-да, доимо халқ билан яшаган, одамларнинг дардини тинглаб, уларнинг яхши-ёмон кунларида елкадош бўлган. Қўл остида ишловчи ходимларга оталарча ғамхўрлик кўрсатган.
Қаҳрамонимиз рафиқаси Ойша ҳожи она (Аллоҳ раҳмат қилсин) билан 2 қиз, 2 ўғилни вояга етказиб, уларни олий маълумотли қилишади. Бундан ортиб, 2 ёшида ота-онасидан етим қолган холасининг қизини ҳам элга қўшади. Тақдир экан, Ойша ҳожи онанинг укаси Муродилла ака вафот этгач, орадан кўп ўтмай, унинг аёли ҳам боқий дунёга риҳлат қилади. Улардан қолган беш фарзандни тарбиялаш, вояга етказишни Нормирза ҳожи ота зиммасига олади.
Отахон етимларнинг бошини силаганини, уларни ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказганини эшитиб, хаёлимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мусулмонларнинг энг яхши уйи унда яхшилик кўрадиган етим истиқомат қиладиган уйдир. Мусулмонларнинг энг ёмон уйи унда етимга ёмонлик қилинадиган уйдир. Мен ва етимни кафилига олган киши жаннатда мана шундай бўлади (иккала бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар)” (Имом Бухорий ривояти), деган муборак сўзлари келди.
Нормирза ҳожи отанинг хайрли ишлари шу билан чекланиб қолмаган. У киши қаерда бўлса, савоб ишларнинг бошидан тутган ва одамларни яхшиликка чақирган, ёмонликдан қайтарган.
1980 йилларда Наманган ипакчилик тажриба хўжалигида раҳбар бўлганида ўша ердаги яйдоқ тепаликнинг 2 гектар ҳудудига бодом эккан, йўл, кўприк қурдирган. Отахоннинг ташаббуси билан ўша ҳудудда қурилган боғча ва мактаб, мана, орадан 40 қирқ йилдан зиёдроқ вақт ўтган бўлса-да, ҳануз зиё маскани бўлиб турибди.
“Қизилравот” тажриба хўжалигини бошқарган йилларда қурдирган меҳмонхонаси қанчалаб йўловчиларнинг дам олиш маскани бўлган эса, далашийпон ва стадион деҳқон ва фермерлар ҳамда ёшларнинг севимли масканига айланган.
Нормирза ҳожи отанинг амалга оширган хайрли ишлари давлатимиз раҳбарининг ҳам эътиборига тушган. Биринчи Президентимиз Нормирза ҳожи отани рафиқаси билан 2009 йили муборак ҳаж сафарига жўнатган.
Н.Раҳматов ўз соҳасининг етук билимдони ва катта олим ҳисобланади. Унинг “Тут ипак қурти биологияси ва эмбриологияси”, “Тут ипак қурти селекцияси, генетикаси ва наслчилик иши”, “Тут ипак қурти уруғи тайёрлаш технологияси” каби дарсликлари чоп этилиб, ипакчилик соҳаси мутахассислари тайёрланадиган олий таълим муассасалари ҳамда техникумларда ўқитилади.
Бугун адабиёт муҳиблари Н.Раҳматовнинг “Зулук” қиссаси, “Ризқ йўлини очувчилардан олтин ўгитлар”, “Маъсум зотларга ошуфта кўнгил” каби китобларини севиб мутолаа қилишмоқда. Шунингдек, қаҳрамонимизнинг “Қора малика” тарихий романи ҳамда “Ҳури айн” ва “Муҳаббат шарбати” каби китоблари чоп этилиш арафасида.
Н.Раҳматов бугун ўзи истиқомат қилаётган Уйчи тумани Жийдакапа қишлоғидаги “Обид қори” жоме масжидининг фаолидир. Аллоҳ таоло отахоннинг умрини узун қилсин. Хайрли амалларига ажрларни кўпайтириб берсин.
Толибжон НИЗОМ
Ҳидоят журнали 7-21 сонидан