Жаннатга етакловчи фазилат
Динимиз доимо саховатга буюради. Аллоҳ таоло муҳсин бандалари ҳақида бундай дейди: «Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) кечирадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон сураси, 134-оят). Шу суранинг 92-оятида эса: «Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача, сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир», деб марҳамат қилади.
Мўмин банда хайр-садақа билан ризқим камайиб қолмайди, балки барака киради деб эътиқод қилади. Чунки у Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваъдаларига ишонади. Аллоҳ таоло айтади: «Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир» (Сабаъ сураси, 39-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, садақа билан мол камаймайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Абу Зар Ғифорий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг афзал садақа ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Муҳтожга махфий қилинганидир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти). Сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Садақаларингизни ошкора берсангиз, қандоқ ҳам яхши. Агар камбағалларга пинҳона берсангиз, ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир» (Бақара сураси, 271-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа бир ҳадисларида: “Ким бир мўминни шу дунёдаги бирор ташвишидан халос этса, Аллоҳ уни охиратдаги ташвишларидан халос этади. Ким бечораҳол кишига ёрдам берса, Аллоҳ унга икки дунёда ёрдам беради. Ким бир мўминнинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг икки дунёдаги айбларини беркитади. Банда бировнинг ёрдами учун ҳаракат қилар экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлаверади”, дейилади (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).
Салмон Форсий розийаллоҳу анҳу айтади: «Агар сахий киши вафот этса, ер ҳамда одамларнинг номаи аъмолларини битувчи фаришталар бундай дейди: “Эй Раббим, бандангнинг бу дунёда қилган гуноҳларини афв эт!” Агар вафот этган кимса бахил бўлса, улар: “Эй Аллоҳим, бу бандани жаннатдан тўсгил. Чунки у бандаларингни Сен унинг қўлига берган мол-дунёдан тўсган эди”, дейишади».
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сахий Аллоҳга яқиндир, одамларга яқиндир, жаннатга яқиндир, дўзахдан узоқдир. Бахил эса Аллоҳдан узоқдир, одамлардан узоқдир, жаннатдан узоқдир, дўзахга яқиндир. Аллоҳ таоло учун жоҳил сахий обид бахилдан суюклироқдир”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Бадриддин Айний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Саховат – муносиб нарсани муносиб бўлганга бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу чиройли хулқларнинг энг муҳимларидан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир”.
Имом Ғаззолий: “Бахиллик дунёга боғланишнинг меваси, сахийлик эса зуҳднинг, яъни дунёга аҳамият бермаслик самарасидир. Мевага айтилган мақтов, шубҳасиз, уни етиштирган дарахтга тааллуқли. Сахийлик – ҳақиқий тавҳид ва чин таваккулга эришиш натижаси. Яъни, Аллоҳ таолонинг садақа билан моли камайиб қолмаслиги, бирга ўн баробар қайтаришига ваъдаси ва бандалар ризқини Ўз зиммасига олгани ҳақидаги кафолатига самимий ишончдан туғилади.
Булар эса, ҳадисда ишора қилинганидек, тавҳид дарахтининг меваларидир. Бахиллик ширкдан туғилади. Бу эса сабабларга боғланиб қолиш ва Аллоҳ таолонинг ваъдасидан шубҳаланиш натижасидир”, дейди.
Шу сабабли, ҳадисда таъкидланганидек, Аллоҳ таоло жоҳил сахийни обид бахилдан кўпроқ яхши кўради.
Бир киши дўстининг ёнига қарз сўраб келди. Дўсти унга дарҳол айтилган миқдордаги пулни бериб жўнатгач, уйига қайтиб кирди-да, йиғлаб юборди. Хотини унга: “Бунчалар қийналар экансиз, нега бердингиз?” деди. Шунда у киши: “Пул берганимга эмас, балки ундан хабар олмай қўйганимга, ҳатто муҳтожликдан қарз сўраб келгунигача ҳолидан ғафлатда қолганимга азобланиб йиғлаяпман”, деб жавоб берди.
Сахийлик ва бахилликнинг бир неча даражалари бор. Сахийликнинг энг олий даражаси мол-дунёга ҳожати бўлатуриб, қўлидагини бошқаларга беришдир. Бахилликнинг энг юқори поғонаси эса зарурат бўлган ўринда ҳам ўзига ва аҳлига сарфлашдан бахиллик қилишдир.
Халқимиз орасида: “Хасиснинг ёнидан моли чиққунча, танидан жони чиқади”, деган мақол бор. Дарҳақиқат, бахил инсон мол-дунёга шунчалар ҳарислигидан қариндош-уруғ, ака-укалари, ҳатто фарзандларини ҳам унутиб қўяди. Бу эса силаи раҳмнинг узилишига, натижада икки дунё саодатидан бебаҳра қолишга сабаб бўлади.
Ёрқин Жумабоев,
ЎМИ Фатво бўлими мутахассиси
Ислом нури газетасидан