Молдовада Ислом
Молдова Республикасида 15 мингдан ортиқ мусулмон истиқомат қилади. Уларнинг аксари араблар, сурияликлар, турклар, татарлар, озарбайжонлар ва африкаликлар бўлиб, ишлаш ёки ўқиш учун келганлар. Шунинг билан бирга, улар орасида Исломни қабул қилган молдоваликлар ҳам бор.
Молдовада мусулмон маданияти жамияти 1995 йилда ташкил топган эди. Ўша кундан эътиборан расмий сайти – http://assalam.md ҳам фаолият бошлади. Бироқ мусулмонлар ўз ташкилотларини узоқ йиллар давомида Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказа олмади. Ҳатто 2005 йил Молдова мусулмонлари идорасининг рўйхатга олиш борасидаги мурожаатига ЕХҲТ миссияси аралашса ҳам рад жавоби берилди.
Ниҳоят ушбу масала ҳал бўлди: Молдова Респбуликаси Ислом лигаси 2011 йилнинг 14 мартида рўйхатга олинди. Ислом лигаси мамлакат мусулмонларининг манфаатини ҳимоя қилиш, билимларини ошириш ва жамоат бўлиб-эмин-эркин намоз ўқишни таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Унинг биринчи галдаги вазифаси Қуръони карим таълимотига ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига амал қилган ҳолда ҳаёт кечираётган мўмин-мусулмонларга муносиб шароит яратишдан иборат.
Мазкур ташкилот талабалар ўртасида тез-тез учрашувлар ташкил этиб, Исломда аёллар ҳуқуқлари, замонавий дунёда террорчилик тушунчаси, мусулмонлар ва насронийлар ўртасидаги муносабатларга оид масалалар юзасидан тушунтириш ишларини олиб боради.
Молдова Республикаси Ислом лигаси раиси Сергей Сочирка молдова жамиятида мусулмонларга нисбатан умумий тасаввурлар ҳақида гапириб, жумладан, бундай деган эди: “Мамлакатимиз аҳолиси тасаввурлари унчалик яхши эмас… Бошқа мамлакатларга боқсангиз, бундай ҳолатни кўрмайсиз. Бу ерда одамлар бир тарафдан православ черкови, иккинчи томондан оммавий ахборот воситалари тарғиботи остида. Бизда бағрикенглик тушунчаси жуда паст, турли динлар, маданиятлар ва миллатларнинг ёнма-ён яшашига муносабат яхши эмас. Аксига олиб, маънавий ривожланишга интилиш ўрнига ўзгаришлардан қўрқиш даражаси юқори”.
Дарҳақиқат, “Молдова Республикасида тенгликни англаш ва муносабатни ўрганиш” (2015) мавзуида ўтказилган тадқиқот маълумотларига кўра, мусулмонларга нисбатан қуйидаги таърифлар устунлик қилади: тажовузкор, фанат, террорчи, экстремист. Ижобий нуқтаи назардан эса маълумотлар мусулмонларнинг диндорлигини кўрсатади.
Шунинг учун ҳам Молдова Республикаси Ислом лигаси ўз олдига қўйган асосий мақсадлардан бири – турли миллатга мансуб мусулмон жамоатлари ўртасидаги алоқани аждодларимиз томонидан соф ҳолда етказилган диний билимларни умумэътиқод асосида террорчилик ва экстремизмдан холи бўлгвн ҳолда мустаҳкамлашдир.
“Дунёвий давлатдаги черков ва бошқа диний конфессиялар фаолият доираси аниқ чегараларга эга бўлиши керак. Бу асос барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишдир. Ҳеч кимнинг инсонларнинг ҳуқуқларига, эътиқод эркинлигига тажовуз қилишга ҳаққи йўқ. Шу нуқтаи назардан, ҳар бир дин вакиллари бошқа дин мансубларини ҳам тан олишлари ва мамлакатдаги мазкур масаладаги кескинликни бартараф этишлари муҳим”, – деган эди Молдова парламенти депутати Григорий Петренко.
Бинобарин, бугунги кунга келиб, молдова жамиятида диний бағрикенглик тамойили кенг ёйила бошлади ва аҳолининг мусулмонлар ҳақидаги тасаввурлари ҳам ижобий томонга ўзгариб, маҳаллий аҳоли орасидан Исломга кираётганлар сони ортиб бормоқда. Мусулмон бўлганларнинг аксари эса аёллар ва ёшлардир.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.