Ёмонлардан узоқ, яхшиларга ҳамроҳ бўлайлик!
– Ассалому алайкум, домла. Маълумки, Афғонистондаги нотинчлик сабабли одамлар оиласи хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар томонга кетди ва кетмоқда. Юртимиз чегарасига келиб, бошпана сўраганлар ҳам бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга муносабатларни ўқисак, кўпчилик уларни чегарадан киритмаслик тарафдори. Мавзуга диний нуқтаи назардан ёндашадиган бўлсак, кишилар хулоса қилиш баробарида, қандай йўл тутишлари лозим бўлади?
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик юртимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Лекин ғоялар кураши авж олган XXI асрда дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар юзага келаётгани, кишиларнинг осуда ҳаётини издан чиқаришга қаратилган янги шаклдаги таҳдидлар пайдо бўлаётгани ва бузғунчи ғоялар мафкура майдонини қуршаб олаётгани барчамиздан огоҳлик ва ҳушёрликни талаб этади.
Инсониятни икки дунё саодатига элтувчи Ислом динининг асослари бўлмиш Қуръони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида инсоннинг ҳаётига ноҳақ тажовуз этиш, ўзини ўлдириш, бировнинг моли, ор-номуси, ақли ва эътиқодига зарар етказиш қатъиян ман этилади. Жумладан, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:“Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир”(Нисо сураси, 93-оят);“Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан туриб озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар”(Аҳзоб сураси, 58-оят).
Ҳадиси шарифда эса қуйидагича ривоят қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:“Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди”.Сўнг:“Тақво мана бу ердадир”,дея кўксларига уч марта ишора қилдилар ва:“Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир”,дедилар(Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:“Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир”(Муттафақун алайҳ).
Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ УСМОНОВ билан суҳбат
Ҳидоят журналидан (9/21)