Ватанни севиш имондандир
Ватанга меҳр, аввало, инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига муҳаббатдир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда “Ватанни севмоқ имондандир”, дейилган ҳикматни эсга олиш кифоядир. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғудир.
Мусулмон мутафаккири, тарихчи олим, ўз даврида Қоҳира шаҳрида шариат олий қозиси лавозимида ишлаган Ибн Халдун “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир”, деб таъриф берган.
Қуръони каримда бир инсонни ўз Ватанидан жудо қилиш оғир гуноҳ сифатида қайд этилиши Ислом динида унга юксак мақом берилишидан далолат қилади: «Эсланг, (эй Исроил авлоди,) сизлардан: “Бир-бирларингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (бир-бирларингизни) юртингиздан бадарға қилмайсиз”, деган аҳдингизни олган эдик. Сўнгра ўзларингиз гувоҳлик бериб, уни эътироф ҳам этган эдингиз» (Бақара сураси, 84-оят).
Мўмин-мусулмонларга Ватанни севиш Муҳаммад алайҳиссаломдан мерос ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка шаҳридан Мадина шаҳрига чиқиб кетаётганларида орқаларига қараб: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида, бошқа жойда яшамас эдим”, (Имом Термизий, 3926-ҳадис) деб ноиложликдан Ватанни тарк этишга мажбур бўлганларини изҳор этганлар.
Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” тўпламида Абу Бакр Сиддиқ ва Билол ибн Рабоҳ розийаллоҳу анҳумо Мадина шаҳрида иситмалаб, туғилган юртлари соғинчини армон билан баён қилганлари, Набий алайҳиссаломдан Мадинани Макка каби маҳбуб этишни сўраб дуо қилганлари ҳақида ишончли ҳадис бор.
Алихонтўра Соғуний “Ватан ва илм ёки етти юлдуз” номли шеърида қуйидагиларни ёзган:
Ватан асли сенингдур – Ўзбекистон,
Ўғиздан қолмиш эрди бу гулистон…
Ватанни севмаганлар биздан эрмас…
Ватан инсон учун муқаддас туйғу бўлиб, ўз-ўзидан уни севиш ва ардоқлашга, жонни фидо этиб ҳимоя қилишга лойиқ ҳисобланади. .
Ватанпарварлик – Ватанга нисбатан садоқат, унга хизмат қилиш, юрт тинчлигини асраш, равнақи учун фаол бўлишга ундайдиган ижтимоий, маънавий-ахлоқий фазилатдир. Унинг мазмуни – Ватанга меҳр-муҳаббатли ва содиқ бўлишдан, мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишга интилишдан иборат. Ватанпарварлик ота-боболардан мерос қолган заминни севиш, халқ урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она-Ватанини душманлардан, ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямасликни назарда тутади.
Ватанни ардоқлаш қадимдан ўзбек халқига хос хусусиятдир. Қадимда юрт учун донғи кетган Форс қўшинини маҳв этиш мақсадида жонини фидо қилган оддий чўпон йигит Широқ, малика Тўмарис ва бошқа юзлаб фидойилар жасорати ватанпарварликнинг юксак намуналари ҳисобланади.
Ватанни қўриқлайдиган ва ҳимоя қиладиган юрт ҳимоячилари ҳақида гап кетганда Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисни эслаш жоиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас. Бири – бу Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси, Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб (ухламаган) кишини”, деб марҳамат қилганлар (“Сунани Термизий”, 1639-ҳадис).
Нажмиддин Кубро мўғуллар истилоси даврида душманлар унга кўҳна Урганч шаҳрини ташлаб чиқишга рухсат берганига қарамай, лашкарни ёвга қарши жангга бошлаб кирган ва қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
Уламолар ватанпарварлик оддий шиор ёки ҳис-туйғу эмас, балки қуйидаги хайрли амал ва ибратли ишларда ўз ифодасини топиши лозимлигини таъкидлайдилар:
– Ватан ҳаққига бор яхшиликларни тилаб дуо қилиш;
– жамиятда аҳилликни кучайтириш йўлида ҳаракат қилиш (силаи раҳм, қўшниларга яхшилик, ўзаро ёрдам, бир-бирларига яхшиликни соғиниш, салбий ахлоқ ва ижтимоий иллатлардан сақланиш ва ҳ.к.);
– Ватан салоҳиятини ошириш ва унинг муҳофазаси учун жонкуяр бўлиш (Ватан мулкини авайлаб-асраш, унинг юксалиши учун ҳалол меҳнат қилиш, ўзини бағишлаш ва ҳ.к.);
– Ватан эрки, ҳудуди ёки обрўсига қарши фикрий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туриш.
Юқорида қайд этилганлар ватанпарварлик, юрт ҳимояси муҳим ва муқаддас бурч, улкан савоб, шунингдек, бундай фазилатга эга бўлиш мусулмонларнинг асосий хусусиятларидан бири эканидан далолат беради.
Қадимдан ўзбек халқи ватанфурушликни қаттиқ қоралайди. Бундай ҳаракатлар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин: мамлакат манфаатларига хиёнат килиш; ўз шахсий манфаатларини кўзлаб иқтисодий, сиёсий ва бошқа жосуслик фаолияти билан шуғулланиш; душман томонига ўтиб ўз халқи, мамлакатига қарши кураш олиб бориш; қўпорувчилик ишлари билан шуғулланиш; турли диний мутаассиб ва экстремистик ғоялар таъсири остида оиласи; Ватанидан воз кечиш; киндик қони тўкилган заминга нисбатан бўҳтон ва иғво тарқатиш ва ҳоказо.
Ватанфурушлик замирида моддий, сиёсий ёки бошқа кўринишдаги шахсий манфаатлар ётади. Тарих далолат берадики, ватанфурушлар ҳамма вақт ўз юрти ва халқининг нафратига дучор бўлган.
Ислом таълимотида Ватанга хиёнат қаттиқ қораланади. Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деганларини эшитдим» (Имом Бухорий, 3188-ҳадис).
Ислом тарихида “Ҳандақ” номи билан машҳур бўлган жанг вақтида Мадина шаҳрига бостириб келган мушриклар етакчилигидаги иттифоқчи қўшинга Мадина шаҳрида яшаб, яширинча хайрихоҳлик кўрсатган ва зимдан ёрдам берган қабилаларга нисбатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ жазо берганлар. Уларнинг раҳбарлари қатл, эргашганлари Мадина шаҳридан бадарға этилган. Демак, Ватанга хоинликни ҳеч қандай диний ва дунёвий қонун ёки таълимот оқламайди. Она-Ватан ҳеч қачон сотилмайди ва унга хиёнат қилинмайди.
Шубҳасиз, барчамиз биргаликда она-Ватанимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш каби фуқаролик бурчимизни астойдил, чин юракдан бажариш билан, меҳр-муҳаббат, садоқат ва фидойилик, мустаҳкам иродамиз, дину диёнатимиз билан оилаларимизда, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда барқарорлик ва соғлом муҳитни мустаҳкамлаб, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини таъминлаган бўламиз.
Ўткир ҲАСАНБАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Ҳидоят журналининг 8 сон 2021 йил