Пайғамбарнинг туши ваҳийдир, унинг таъбири бўлади
Пайғамбарнинг туши ваҳий бўлади. Бизнинг тушларимиз таъбири бўлганидек, Пайғамбар тушининг ҳам таъбири бўлади. Ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломга: “Исмоил алайҳиссаломни забҳ қилгин”, деб туш воситасида амр қилинди. Иброҳим алайҳиссалом тушида ўз ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётганларини кўрдилар. Тушни тушунмадилар, чунки ўғилни қурбон қилиш одати йўқ эди. Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом юзта туя қурбонлик қилиб, гўштини мискинларга тарқатдилар, чунки бир жоннинг товони юзта туя эди. Бир неча кундан сўнг яна ўша тушни кўрдилар, яна тушунмадилар, сўнг яна юзта туяни қурбонлик қилиб, гўштини мискинларга тарқатдилар. Бир неча кундан сўнг яна ўша тушни кўрдилар, энди тушундиларки, унинг таъбири ўғлини қурбонлик қилиш экан. Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом Байтул Мақдисга, сўнг Маккаи мукаррамага бордилар. Ота-бола ўртасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди: «(Иброҳим алайҳиссалом:) “Эй ўғилчам! Мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин!”, деди. Исмоил алайҳиссалом: “Эй отажон! Сизга (тушингизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг! Иншоаллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз”, (деди)» (Соффот сураси, 102-оят).
Тафаккур қилинг, Исмоил алайҳиссалом: “Эй отажон! Сизга нима ҳукм қилинган бўлса, унга амал қилинг. Мен забҳ бўлиш учун тайёрман. Сиз буйруқни бажаринг. Аллоҳ хоҳласа, мени сабр қилувчилардан эканимни кўрасиз”, деди. Яъни, ҳиммат қилиб, сўйилиш кулфатларига бардош қиламан, демоқда.
Бундан маълум бўладики, туш ҳам амр экан. Набий алайҳиссалом ҳам худди шундай туш кўрган эдилар. Тушларида фаришта фақат: “Бу сизнинг аёлингиз”, деди, лекин бу амр ҳукм эди. Чунончи, жаноб Расулуллоҳ айтдилар: “Агар бу иш Аллоҳ тарафидан бўлса, бу ишни юргизади”.
У ёқда ҳазрат Абу Бакр ўзларича ўйлаяптилар: “Кичик қизимни жаноб Расулуллоҳга никоҳлаб берсам. Чунки Савда розийаллоҳу анҳо қариб қолди. Энди Расули акрамнинг хизматларига ярамай қолади. Шунда Ойша балоғатга етиб, Расули акрамнинг уйларини саришта қилади”.
Бас, ҳазрат Абу Бакр қизини таклиф қилди. Расули акрам (бу ҳақда) бир неча марта туш кўрганлари учун дарҳол қабул қилдилар. Шундай қилиб, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу никоҳни Аллоҳ таолонинг буйруғи билан қилдилар. Яна шу нарса ҳам борки, Расули акрам Ойша розийаллоҳу анҳодан бошқа бокира аёлга уйланмаганлар. Бу никоҳнинг фойдалари кейин зоҳир бўлди. Ҳижратнинг икки йили мобайнида ҳазрат Савда розийаллоҳу анҳо Расули акрамнинг уйларини бошқариб турдилар. Ойша розийаллоҳу анҳо балоғатга етгач, рухсат бўлиб, жаноб Расули акрамнинг уйларига туширилдилар. Бу вақтда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам эллик беш ёшга тўлган эдилар. Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо кўп ҳукмларни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганиб, бошқаларга етказди. Ҳаётларининг саккиз йили қолган эди. Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа никоҳларини шу саккиз йил ичида қилдилар.
Энди ақли бор ҳар бир киши тушунадики, бу ёшда кетма-кет уйланишга одамнинг иштиёқи ортадиган давр эмас. Демак, ул зот қолган аёлларига уларнинг манфаати учун ва муайян фойдалар учун никоҳланганлар.
Улар қайси фойдалар эди? Уч тур муҳим фойдалар сабабидан Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга никоҳланган эдилар. Булар: 1) сиёсий сабаб ва мақсадлар; 2) миллий сабаб ва мақсадлар; 3) шахсий мақсадлар.
Юқоридаги мисолни шунинг учун келтирдикки, булар жаноб Расули акрамнинг ўзларига хос амаллардир. У зотнинг никоҳларида бир пайтнинг ўзида тўрт нафардан ортиқ аёл жам бўлган. Бу ҳадис бўлди. Нуввоб Сиддиқ Ҳасанхон Бухунъалийнинг ўғли Нуввоб Нурул Ҳасанхон “Арфулжадий” китобида бу масалани очиқ-ойдин ёзган. Ҳолбуки, бу ҳадис суннат эмас. Ва умматнинг ижмои борки, уммат учун тўрттадан ортиқ аёлни жамламоқ ножоиздир.
Учинчи қисм ҳадислар. Асл мазмуннинг мантиқий давоми шундайки, ҳадислар уч қисм бўлади: суннат (улардан иккитасининг баёни ўтди); мансух ва суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига хос ҳадислар. Бу икки турдаги ҳадислар суннат эмас.
Энди учинчи қисм ҳадисларни баён қиламиз. Учинчи қисм: суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муайян фойдани кўзлаб бир гапни айтдилар ё унга амал қилдилар, улар ҳадис эди, суннат эмас. Бунинг мисолини келтирамиз, чунки асл моҳиятни тушуниш зарурдир.
Усмонхон Алимовнинг
“Суннат ва ҳадис” китобидан
Ислом нури газетасидан (1 сон)