Тиловат саждаси
Қуръони каримнинг ўн тўрт – Аъроф, Раъд, Наҳл, Исро, Марям, Ҳаж, Фурқон, Намл, Сажда, Сод, Фуссилат, Нажм, Иншиқоқ ва Алақ сурасида сажда оятлари бор.
Сажда оятларини ўқиган ё эшитган ёки сажда оятини ўқиган имомга иқтидо қилган кишига – гарчи уни эшитмаса ҳам – тиловат саждасини қилиш вожиб бўлади. Ҳанафий мазҳабида имомга иқтидо қилган киши қироат қилмайди. Намоз ичида бошқа мазҳабдаги намозхондан сажда оятини эшитиб қолса, сажда қилиши вожиб бўлмайди. Лекин уни эшитган намоздан ташқаридаги одамга вожиб бўлади.
Тиловат саждасида ҳам намоздаги шартлар талаб қилинади: таҳорат, пок макон, қибла, вақт ва ният. Таҳрима ва салом шарт эмас.
Сувга қодир бўлган кишининг таяммум билан тиловат саждасини қилиши жоиз эмас. Ҳайз ёки нифос ҳолатидаги аёллар сажда оятларини эшитса ҳам, сажда қилишмайди. Таҳоратсиз ёки жунуб киши сажда оятларини эшитса, сажда қилиши вожиб бўлади (яъни поклангач, сажда қилади).
Сажда оятини бир муддат олдин ўқиб, саждасини макруҳ вақтларда қилиш жоиз эмас. Чунки комил суратда вожиб бўлган нарса ноқис суратда адо қилинмайди. Аммо уни макруҳ вақтда ўқиб, ўша заҳоти ёки бошқа макруҳ вақтда сажда қилиш жоиз. Чунки бунда амал вожиб бўлган суратида адо қилинган бўлади.
Тиловат саждасини қилиш учун ният шарт. Чунки у ҳам ибодатдир. Ибодат эса ниятсиз дуруст бўлмайди. Аммо намозда сажда оятини ўқибоқ, дарҳол сажда қилиш мумкин. Чунки тиловат саждаси намознинг бир қисмига айланиб қолади ва намозга қилган нияти тиловат саждасини ҳам ўз ичига олади.
Унда такбири таҳрима – қулоқ қоқиш йўқ. Чунки у ёлғиз саждадан иборат, холос.
Тиловат саждасининг рукни битта – сажда. Намозда сажда оятини ўқиб, руку қилиш тиловат саждасининг ўрнига ўтади.
Тиловат саждасини қилишда такбир айтиб, тўғри саждага борилади ва саждада уч марта тасбеҳ айтиб, сўнг такбир айтиб, турилади. Бу такбирларни айтиш суннат. Сажда қилишдан олдин тик туриб, сўнг саждага бориш ва яна тик туриш мустаҳабдир.
Тиловат саждаси болиғ, яъни зиммасига намоз фарз бўлган кишига вожибдир. Ёш бола, жинни, ҳайз ёки нифос кўрган аёлларга вожиб эмас. Лекин ҳайз ёки нифос кўрган аёлдан сажда оятини эшитган одамга сажда қилиши вожиб бўлади.
Жиннидан сажда ояти эшитилса, қаралади: бир кеча-кундуздан ошмайдиган жиннидан эшитилса, унга ва ундан эшитганга тиловат саждаси вожиб бўлади.
Бир кеча-кундуздан ошадиган, лекин баъзида унга етмайдиган ҳолатда бўлса, фақат эшитувчига вожиб бўлади, ўзига эмас. Агар жиннилик бир кеча-кундуздан ошиб, доимо шу ҳолатда давом этадиган бўлса, унинг ўзига ҳам, эшитганга ҳам сажда вожиб бўлмайди.
Сажда ояти акс-садодан эшитилганда, сажда вожиб бўлмайди. Шу эътибордан электрон қурилмаларга ёзиб олинган қироатларда ҳам ҳукм шундай. Яъни, улардан тиловат оятини эшитиш саждани вожиб қилмайди. Ҳозир бундай қурилмаларнинг кўплаб тури мавжуд.
Сажда оятини намоздан ташқарида эшитиш саждани вожиб қилса-да, дарҳол адо этишни вожиб қилмайди, кейинроққа кечиктириш ҳам мумкин. Лекин имкон қадар кечиктирмаслик афзал. Чунки вақт ўтиши билан ёддан кўтарилиши мумкин.
Агар намоз ичида бўлса, дарҳол сажда қилиш вожиб бўлади. Чунки бунда тиловат саждаси намознинг бир бўлагига айланиб қолди. Шу боис уни кечиктириш гуноҳ. Сажда оятидан сўнг яна учтадан ортиқ оятни тиловат қилиш саждани кечиктириш ҳисобланади. Саждани кечиктирган киши саждаи саҳв қилади. Модомики, масжиддан чиқмаган ё жамоат намозини тугатмаган бўлса, гарчи саломдан кейин бўлса ҳам, уни адо қилади.
Киши имомдан сажда оятини эшитиб, сўнг унга иқтидо қилса, имом билан бирга тиловат саждасини қилади.
Намозхон сажда оятини намозда бўлмаган кишидан эшитса, намоздан сўнг сажда қилади. Агар намоз ичида сажда қилса, намоздан сўнг саждани қайта қилади.
Тиловат саждаси қуйидаги ҳолатларда такрор қилинади: тиловат, эшитиш ва ўрин ўзгаришида. Агар барча сажда оятларини бир ёки бир неча ўринда тиловат қилса ё эшитса, ҳаммасида сажда қилиш вожиб бўлади. Масжид ёки уй ичида у ёқдан-бу ёққа юриб сажда оятини такрорласа ҳам, ўрин ўзгарган бўлмайди ва такроран сажда қилиш вожиб эмас. Улов устида тиловат қилиб кетаётган намозхонга нисбатан саҳро ҳам бир макон ҳукмида бўлади.
Бир амалдан бошқасига, бир ҳаракатдан бошқасига ўтиш ҳукмий ўрин ўзгаришидир. Масалан, тиловат қилиб бўлиб, узоқ овқатланиб ўтириш ё ётиб ухлаш ёки олди-сотди қилиш каби. Аммо узоқ ўтириш, қироат қилиш, тасбеҳ айтиш, бир луқма таом ейиш, бир қултум ичимлик ичиш, ўтирган ҳолда ухлаш, ўтирган бўлса – туриш, икки-уч қадам юриш, турган бўлса – ўтириш ёки турган ерида уловга миниш билан тиловат саждаси такрорланмайди.
Сажда оятининг ўзини қолдириб, суранинг бошқа оятларини ўқиш макруҳдир. Чунки бунда Қуръондан бир қисмни ташлаб кетиш ва саждадан қочиш бор. Бу эса мусулмонларнинг ахлоқидан эмас.
Сажда оятларини саждага тайёр бўлмаган тингловчилар олдида махфий қилиб ўқиш мустаҳабдир.
“Кофий” китобида келтирилишича, ким сажда оятларининг барчасини бир мажлис (ўрин)да ўқиб, ҳаммаси учун сажда қилса, Аллоҳ таоло унинг ташвишларига кифоя қилади, дейилган. Бу ҳолат барча сажда оятларини ўқиб бўлиб, кейин сажда қилишни ҳам, ҳар бир сажда оятидан кейин сажда қилишни ҳам ўз ичига олаверади.
“Ат-тайсир фил фиқҳил ҳанафий” асари асосида
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
Ислом нури газетасидан