Умр заволи
Маҳмуджон шошиб турган бўлишига қарамай, қўзғалаётган маршруткага ошиқмади. Ҳолбуки, унга яна уч-тўрт киши бемалол сиғиши мумкин эди. Уни уловга чиқишдан тўхтатган нарса – ҳайдовчининг (қўлидаги) тутатиб турган тамакиси бўлди.
Маҳмуджон аввал ҳам бу маршруткага бир неча бор чиққан: ҳайдовчининг ҳеч кимнинг риоясини қилмай, бурқситиб тамаки тутатиб кетишидан яхши хабардор эди. Йўловчилар орасида ёш болалар бўладими, аёлларми – унга фарқи йўқ. Ҳатто эътироз билдирган йўловчиларга жаҳл ҳам қилиб қўярди. Шўрлик ҳайдовчи бир ўзини эмас, кун давомида машинасига чиққан қанчадан-қанча йўловчиларни ҳам заҳарлаб бораётганини ҳис қилармикан?
Аслида, жамоат транспортларида чекиш тақиқлангани ҳаммага маълум, бироқ бу талабни йўловчилар эмас, балки айрим ҳайдовчилар бузаётгани ғалати. Чекишда ақалли ҳайдовчининг ўзига фойда бўлганида ҳам, буни тушуниш мумкин эди. Аммо бу иллат ҳайдовчининг ўзи учун ҳам кони зарар экани ҳеч кимга сир эмас.
Аллоҳ таоло инсонга ҳаётни омонат қилиб бергани, уни то сўнгги нафасигача эҳтиёт қилиш масъулиятини кўпинча кишилар англаб етмайди ёки эътибор қилмайди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Икки неъмат борки, инсонларнинг кўпи уларнинг қадрига етмайди: саломатлик ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадиснинг ҳақиқати ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бизнинг замонамизда ўз исботини топаётгани кундек равшан.
Баъзи иллатлар борки, унда фақат эгасининг ўзига зарар етса, баъзиларидан атрофдагилар ҳам зарар кўради. Кашандалик ана шундай зарари бошқаларга ҳам таъсир қилувчи иллатлар сирасидандир. Кашанда нафақат ўзини, балки оила аъзоларини, ёш болаларини ҳам тамаки тутуни билан заҳарлайди. Наҳотки уни жигаргўшаларининг саломатлиги ўйлантирмаса?! Ахир, уларни ўзидан ҳам ортиқ кўрмасмиди?! Агар шундай одам ҳайдовчи бўлса борми, унда тамаки тутунидан “баҳраманд” бўлаётганлар сонини тасаввур қилаверинг.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 29-оятида огоҳлантиради: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир».
Балки чекиш бир-икки мартада ҳалокатга олиб бормас, лекин аста-секин саломатликни емириб боришига шак-шубҳа йўқ. Йиллар ўтиб, кашанда оловда тамакини эмас, балки ўзининг азиз жонини, ҳаётини ҳам ёққанини англаб етади. Бироқ унда жуда кеч бўлади…
Нозима ТЕМИРОВА,
Самарқанд вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Ислом нури газетасидан