Ичимликлар ҳақида
Ичимликлар бир неча хил бўлади: қудрат шароби, ибрат шароби, раҳмат шароби, машубат шароби, уқубат шароби ва қурбат шароби.
Қудрат шароби. Аллоҳ таолонинг сўзи: «Ер юзида бир-бирига қўшни қитъалар ва (улардан) узум боғлари, экинзорлар, шохли ва шохсиз хурмозорлар борки, (буларнинг ҳаммаси) бир сув билан суғорилур. Ҳолбуки, таъмда уларнинг баъзисини баъзисидан ортиқ қилурмиз» (Раъд сураси, 4-оят).
Улардан қизил, оқ, сариқ, қора, ширин ва нордон, юмшоқ ва қаттиқ мевалар бўлади. Бу эса табиатчиларнинг раддигадир. Агар улар даъво қилгандек бўлса эди, сув бир хил табиатда бўлганидек, ҳамма нарса бир хил рангда бўлар эди. Бу эса сувнинг Яратувчиси борлигига далолат қилади.
Ибрат шароби. Аллоҳ таолонинг сўзи: «Сизлар учун соғиладиган ҳайвонларда ҳам ибрат (илоҳий қудратга ишорат) бордир. Биз сизларга уларнинг қоринларидаги нажосат билан қон орасидан чиқиб келувчи, ичувчиларнинг томоғидан осонгина ўтувчи соф сут ичирурмиз» (Наҳл сураси, 66-оят).
Раҳмат шароби, у ёмғирдир. Аллоҳ таолонинг сўзи: «У Ўзи раҳмати (бўлмиш ёмғир) олдидан хушхабар берувчи қилиб шамолларни юборган Зотдир» (Аъроф сураси, 57-оят).
Машубат шароби, у жаннат аҳлларининг шаробидир. Унинг таъми аввалда кофурнинг таъмида бўлади. Аллоҳ таолонинг сўзи: «Албатта, яхши (солиҳ киши)лар (жаннатда) мизожи кофур (ўсимлигидек хушбўй) бўлмиш қадаҳдан (май) ичурлар» (Инсон сураси, 5-оят).
Ўртаси занжабил таъмида бўлади. Аллоҳ таолонинг сўзи: «У ерда аралашмаси занжабил бўлган (тўла) қадаҳларда (жаннат шароби) ичирилур» (Инсон сураси, 17-оят).
Охири эса миск таъмида бўлади. Аллоҳ таолонинг сўзи: «Уларга (оғизлари) муҳрланган, (лаззат ва нашъаси бўлиб, мастлиги бўлмаган) холис шаробдан ичирилур. Унинг муҳри (ичилмоғи хотимаси) мушкдир (ғоят гўзалдир)» (Мутаффифийн сураси, 25–26-оятлар).
Уқубат шароби, у дўзах аҳлларининг шаробидир. Аллоҳ таолонинг сўзи: «…Ва ичакларини тилка-пора қилувчи қайноқ сув ичирилади…» (Муҳаммад сураси, 15-оят).
Агар ёрдам сўрасалар, эритиб суюлтирилган мис каби сув берилади, у сув инсонларнинг юзларини жизғанак қилиб қўяди: «Агар улар (чанқоқликдан фарёд уриб) ёрдам сўрасалар, (уларга) эриган маъдан каби юзларини жизғанак қилувчи бир сув билан ёрдам қилинур» (Каҳф сураси, 29-оят).
Қурбат шароби, пайғамбарлар ва авлиёлар шаробидир. Аллоҳ таолонинг сўзи: «Рабби уларга беҳад пок бир (охират) шароб(и)ни ичирур» (Инсон сураси, 21-оят).
Аҳмад ҒАЗЗОЛИЙнинг
“Баҳрул маҳабба” асаридан Абдулмажид ИСҲОҚОВ,
Мирзо КЕНЖАБЕК таржимаси
Ислом нури газетасидан