ЯХШИЛИКНИ айтади ва етказади
Имрон ибн Ҳусойн розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, маъоризда ёлғон гапирмаслик имкони бордир”, дедилар» (Имом Ибн Адий ва Имом Байҳақий ривояти).
Икки маъноли сўзни унинг биринчи маъносини назарда тутмай, иккинчи маъносини назарда тутиб гапириш маъориз дейилади. Уламолар ёлғон гапириш мутлақ мумкин эмаслигига иттифоқ қилишган. Чунки ёлғон нафақат ёлғончига, балки жамият, инсониятга зарар етказадиган катта маънавий жиноятдир. Шунинг учун динимиз ёлғон гапиришдан қайтарган.
Сафвон ибн Сулайм розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Эй Аллоҳнинг расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Ҳа”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули! Мўмин бахил бўладими?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Ҳа”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули! Мўмин ёлғончи бўладими?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Йўқ”, дедилар» (Имом Молик раҳимаҳуллоҳ). Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ: “Ёлғон имондан четлатувчидир”, деган.
Инсонларнинг бир-бирларига хусумати, жанжаллари бало-офатларга бош бўлади. Шунинг учун динимиз аразлашганларни яраштириш, қалбларни Исломга мойил этиш, меҳр-муҳаббатни боғлаш, баҳс-мунозаранинг ижобий якун топиши, бўлинишининг олдини олиш каби ўта муҳим ҳолларда сўзнинг одамлар таскин топадиган биринчи маъносини назарда тутмай, иккинчи маъносини назарда тутиб гапиришга рухсат беради.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳунинг ривоятида: «Набий алайҳиссалом: “Сизларга рўза, намоз ва садақадан афзал даража ҳақида хабар берайинми?” дедилар. Саҳобалар: “Албатта”, дейишди. Набий алайҳиссалом бундай огоҳлантирдирлар: “Қариндошлар орасини ислоҳ қилиш. Албатта, фасод қиртишловчидир. Мен сочни қиртишловчи деб айтмадим, балки у динни қиртишловчидир” (Имом Термизий ривояти).
Оиланинг тинч-осойишталиги униб-ўсаётган фарзандларнинг салоҳиятли бўлишларида аҳамияти катта. Шунинг учун эр-хотин аҳиллигини сақлашда икки маъноли сўзларни қўллашга рухсат берилади.
Шуни таъкидлаш жоизки, шариатимиз эр-хотин муносабатларини яхшилашни ниҳоятда муҳим санайди.
Лекин айрим ота-оналар борки, ўз хоҳиш-майллари йўлида фарзандларининг оиласини пароканда қилишади. Баъзи қайноналар ишдан қайтган ўғлини дарвоза олдида кутиб олиб, келинни ёмонлаб, сўнг уйга киритиш ҳоллари учрайди. Шундай ҳолларнинг бирида онасининг галдаги норозилигидан паймонаси тўлган эр аёлини калтаклайди. Аёл зарбаларни кўтаролмай воқеа жойида оламдан ўтади.
Камчиликсиз инсон йўқ. Келиннинг ҳар бир ишидан кир қидириб, уни оила ҳаётидан бездириш билан ҳеч ким барака топмаган. Аксинча, оила кўрки аёлларимизга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш, ҳар томонлама яхшилик оила фаровонлигини оширади, солиҳ фарзандларнинг сонини кўпайтиради. Шунинг учун бир-биримиздан ўз марҳаматимизни аямайлик.
Манбалар асосида Андижон шаҳри
“Оқ гўр” жоме масжиди имом-хатиби
Валижон СИДИҚБОЕВ тайёрлади.
Ҳидоят журналидан