Никоҳ ва талоққа доир ҳукмлар
УЙЛАНИШНИНГ ШАРЪИЙ ҲУКМИ
Кишининг жисмоний қуввати, оила масъулиятини уддалаши, уйланмаса, зинога кетиш хавфи бор ё йўқлигига кўра шариатимизда уйланишнинг ҳукми беш хилдир.
Фарз. Уйланмаса, зинога кетиши аниқ бўлганларга бўлажак аёлга зулм қилмайдиган ва маҳри ҳамда нафақасига қодир бўлса, уйланиши фарздир.
Вожиб. Уйланмаса, зинога кетиши хавфи бўлганларга уйланиш вожибдир.
Суннат. Мўътадил мижозли, уйланмаса ҳам, ўзини зинодан сақлай оладиган бўлажак аёлига зулм қилмайдиган ва маҳри ҳамда нафақасига қодир бўлса, уйланиш суннатдир.
Ҳаром. Уйланса, бўлажак хотинига зулм қилиши аниқ бўлганларга уйланиши ҳаромдир. .
Макруҳ. Уйланса, бўлажак хотинига зулм қилиши эҳтимоли бўлганларга уйланиш макруҳдир.
НИКОҲ
Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда бировни бировга мажбуран никоҳлаш мумкин эмас. Шунинг учун никоҳ вақтида қиз ё аёлдан: “Сиз мана бу фалончига турмушга чиқишга розимисиз?” эркакдан: “Мана бу фалончининг ўзингизга жуфти ҳалол бўлишига розимисиз?” каби иборалар билан икки эркак ёки бир эркак ва икки аёл гувоҳлигида сўралади.
Никоҳланувчиларнинг розилик сўзларини бир-бирлари ҳамда гувоҳлар эшитишлари лозим.
Никоҳ саҳиҳ бўлиши учун аёл эркакка шаръан никоҳ қилиниши мумкин бўлиши, яъни унга маҳрам бўлмаслиги шарт. Никоҳ бўлиши билан белгиланган маҳрнинг ҳаммаси ёки келишилган қисми берилиши лозим.
Маҳр никоҳдан олдин белгиланади. Агар белгиланмаса, маҳр майл вожиб бўлади (яъни опа-сингилларига берилган маҳр). Маҳр келиннинг ҳаққи бўлиб, ундан зўрлаб олишга куёвнинг ҳам, отасининг ҳам ҳақлари йўқ. Аммо келин ўз ихтиёри билан отасига ёки куёвга қисман ёки ҳаммасини бериши мумкин.
ЭР КИШИ ҚАЙСИ АЁЛЛАРГА УЙЛАНИШИ МУМКИН ЭМАС
Эр киши уйланиши мумкин бўлмаган аёллар Қуръони каримда баён этилган.
«Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёл)лар – бу оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган “она”ларингиз, эмишган “опа-сингил”ларингиз, қайноналарингиз, жинсий яқинликда бўлган хотинларингизнинг қарамоғингизда бўлган қизлари – жинсий яқинликда бўлмаган бўлсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас – яна, ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларидир. Икки опа-сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар)» (Нисо сураси 23-оят).
Эмизиш сабабли эр киши уйланиши мумкин бўлмаган аёллар булардир:
Болани эмизган аёл ва у аёлнинг онаси, онанинг онаси, улар аёлга она томонидан бўлсалар ҳам, ота томонидан бўлсалар ҳам барибир.
Кишининг ўзидан бўлган қизи эмизган қизга, хотини эмизган қизига ва уларнинг қизларига уйланиши ҳаром.
Кишининг гўдаклигида эмизган аёлга ва унинг қизларига, қизларининг қизларига уйланиши мумкин эмас.
Кишининг хотинини гўдаклигида эмизган онасига ва у онанинг онасига уйланиши мумкин эмас.
Имоми Аъзам мазҳабида бир марта эмса ҳам эмиш собит бўлади. Имом Абу Ҳанифа наздида бола туғилганидан то икки ярим ёшга киргунича, яъни ўттиз ой муддат ичида бир марта эмса ҳам, эмиш собит бўлиб, эмизган аёл эмган болага она ҳукмида бўлади.
Эр киши опа-сингилни ёки аёл билан унинг аммасини ёки аёл билан унинг холасини бир вақтда никоҳида олиб туриши мумкин эмас. Аммо опаси вафот этса, унинг синглисига уйланиши мумкин.
Эр киши уч талоқ қилган хотинига у бошқа эрга доим бирга яшашни ният қилиб турмушга чиқиб, эр-хотин бўлиб яшагандан сўнг эр-хотинлик даврида кейинги эри ўлса ёки уни талоқ қилса, иддаси чиққанидан сўнг қайта никоҳланиши мумкин.
Бировнинг никоҳидаги аёлга ва иддаси тугамаган аёлга иддаси тугамагунча никоҳланиш мумкин эмас.
Мусулмон эр киши мушрика аёлга (бутпараст) то мусулмон бўлмагунича, уйланиши мумкин эмас. Аҳли китоб бўлган яҳудий, насроний аёлларга уйланиш мумкин. Мусулмон аёлларнинг бошқа дин вакилларига турмушга чиқишлари мумкин эмас.
ТАЛОҚНИНГ ТУРЛАРИ
Динимиз талоқ қилиш ҳуқуқини эрга берган. Лекин эр қачон хоҳласа, қандай истаса, шундай талоқ қилавериши мумкин эмас. Талоқ сўзини чорасиз қолгандагина ишлатиш керак. Фуқаҳолар талоқни икки турга бўлганлар:
1) сунний – шариат кўрсатмаларига мувофиқ талоқ;
2) бидъий – шариат кўрсатмаларига хилоф талоқ. Бидъий талоқ қилган киши гуноҳкор бўлади. Сунний талоқ: талоқ қилинган вақтга ва талоқнинг ададига кўра бўлади.
Яъни аёл ҳайздан пок бўлганда унга яқинлик қилмасдан бир талоқ қилиш сунний талоқдир. Аёл бир талоқ қилинса, иддаси тугамай қайта никоҳ қилмай у билан ярашиш мумкин. Эр хотинини бир талоқ қилса, иддаси ўтмасдан, яъни аёли уч ҳайз кўрмасдан аёли билан, унинг розилигидан қатъи назар, ярашиш ҳуқуқига эга. Мазкур муддат ўйлаш, ҳар томонни мулоҳаза қилиш учун берилган. Пушаймон бўлсалар, дарҳол ярашиши мумкин. Агар эр киши аёлини ҳайз ҳолатида ёки икки, уч ё учдан кўп талоқ қилса, ундай талоқ бидъий бўлади. Бунда ҳам талоқ тушади. Эр-хотин жанжаллашиб туришганида эр хотинига “кет”, “йўқол” каби лафзларни талоқ нияти билан айтса, талоқ тушади. Эр ҳазил қилиб, ўйнаб хотинини “талоқ” деса ҳам, хотини талоқ бўлади.
Ҳанафий мазҳабида маст кишининг ҳамда биров томонидан талоқ қилишга мажбур қилинган кишининг талоғи талоқ ҳисобланади. .
Муҳаммадшариф ЖУМАН тайёрлади.
Ҳидоят журналидан