Фарзандингиз нимага қизиқади?
Синглим тўрт ёшли ўғли билан бизникига меҳмонга келди. Жиянимни икки-уч кун кузатдим. У фақат қўл телефонини олса, жим бўлади. Бўлмаса, тўполон қилиб, уйни “боши”га кўтаради.
Ўзимча она-болага насиҳат қилдим. Йўқ, барибир ҳеч нима ўзгармади: бола телефонга жуда ўрганиб қолган экан. Шу билан ухлади. Эрталаб уйғониб қарасам, ҳаммадан барвақт уйғониб, телефонга қараб ётибди.
Секин суриштиришга тушдим. Улар кўпқаватли уйда яшайди. Синглим болалар билан ўйна деса ҳам, бормас, “ало”нгизни беринг, деб хархаша қилар экан. У ҳам ноилож бола тинч ўтирсин деб, телефонини бериб қўяркан.
Хўш, бола телефонда нима кўради дейсизми? Текширдим! Европада бир оила бор экан. Кунда янги-янги видеоларни ижтимоий тармоқларга жойларкан. Қандай видеолар?! Она болалари билан нимадир пиширади, сўнг бирга ейишади, бир-бирлари билан ҳазил қилишади, ўйинчоқлардан бир нималар ясашади ва ҳоказо. Хуллас, ўзга миллат, ўзга диндаги бир оиланинг ҳаётини жиянчам ўзича кузатиб бораркан.
Эҳтимол, китобларни биргаликда ўқишганда, янги ўйинчоқни қандай ўйнашни ўргатишганда ва бошқа ҳаракатларидан нималарнидир ўрганиш мумкиндир. Балки тилини ўзлаштираётгандир. Лекин мени хавотирга солган нарса бошқа: уларнинг яшаш тарзи, эътиқоди жияним онгига сингиб қолмаяптимикин?
Келинг, бола нуқтаи назаридан туриб, ҳолатни таҳлил қилайлик. У нега бу оилани кузатади? Эҳтимол, унга шу онанинг болалари билан бирга нималардир қилиши ёқар. Демак, синглим ҳам ўғлини ёнига олиб, бирга овқат қилиши, бирга китоб ўқиши, бирга ўйнаши… керакдир. Ҳа, менимча, шундай қилиши зарур. Ўшанда бола ўзга оилага қизиқмайди. Тўғрими?
Психолог Мадина Жўрева шундай дейди:
– Болага икки ёшгача нафақат смартфон, планшет, ҳатто телевизор кўрсатиш мумкин эмас. Аксарият оналар бола ҳарна овунади, жим ўтиради, менинг қулоғим тинч бўлади, ишларимни қилиб оламан деб, ҳар қандай экранни фарзандига кўрсатишга тайёр. Ҳозирги замон болалари техника асрида яшамоқда ва унинг тилини тез ўзлаштирмоқда. Яқинда бир ишнинг гувоҳи бўлиб, ҳайратда қолдим. 1 ёшли неварам олисдаги катта бувиси билан ИМО тармоғи орқали гаплашиб турар эди. Она-бола ухлаб ётса, неварам уйғониб қолибди. Ёнидаги телефонни кўриб, уни ёқибди ва ИМО орқали катта бувисига қўнғироқ қилибди. Экран ортида турган катта бувиси ҳайрон, бу ёқда эса мен. Мана шу каби ҳолатлар биз катталарни реалликдан чалғитади, бола қўлида смартфон қолгани гоҳида завқлантиради ҳам. Аммо бунинг фожиавий тарафи борлигини унутишга ҳаққимиз йўқ. Бола смартфон, телевизор, компьютер экранига қараб қолдими, демак, миясининг шаклланиши бузила бошлайди. Шу сабаб айни дамда дунё бўйлаб виртуал аутизм касаллиги кундан-кун кўпайиб бормоқда. Ота-оналар бунга жиддий эътибор беришларини сўраймиз.
Хўш, сиз нима дейсиз, азиз муштарий? Орамизда мутахассислар бор. Улар ҳам бу каби ҳолатларга ўз фикрлари, таклифларини билдирсалар, яхши бўларди.
Зуҳрахон ҲАМДАМОВА
Ислом нури газетасидан