“Касалларингизни садақа билан даволанг…”
Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали ЖАББОРОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, домла. Яқинда Қурбон ҳайити нишонланиб, қурбонликлар қилинди. Афсус, одамлар орасида “бир кун олдин ўлган яқинининг номидан қурбонлик қилиниши керак”, “Қўчқор ундай, бундай сифатларга эга бўлиши шарт”, “Қурбонлик қилишни бошлабди, биринчи қурбонлигида икки хил таом тортиши лозим” каби янглиш тушунчалар учрайди. Яна “Қурбонлик ҳам садақа. Уни бойлар емаслиги керак”, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Умуман, садақанинг мазмун-моҳияти ҳақида суҳбатлашсак…
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Бугун шариат масалаларида кўплаб рисолалар чоп этилган ёки аҳли илмлар ижтимоий тармоқлар орқали динимиз ҳукмларини очиқ-ойдин баён қилиб туришган бўлса-да, халқимиз орасида тушунмовчиликлар бўлгани ачинарли ҳол. “Бир кун олдин ўлган яқинининг номидан қурбонлик қилиниши керак экан”, “Қўчқор ундай, бундай сифатларга эга бўлиши шарт”, “Қурбонлик қилишни бошлабди, биринчи қурбонлигида икки хил таом тортиш керак” сингари кўрсатмалар динимизда йўқ.
Қурбонлик гўштини учдан бир қисмидан камайтириб юбормаган ҳолда садақа қилиш мустаҳабдир. Аммо мазҳабимизда унинг бирор қисмини садақа қилиш шарт эмас. Чунки қурбат (ибодат) қон оқизиш билан юзага чиқади. Одатда, қурбонлик гўштидан садақа қилганлар ҳақдор кишиларга улашганидан қолган қисмидан (таом тариқасида) эҳсон дастурхони ёзади. Шундай экан, қурбонлик гўштидан истаган киши ейиши мумкин.
“Садақа” сўзи луғатда “яхшилик, эҳсон” маъноларини билдиради. Истилоҳда эса, Аллоҳ таоло розилиги учун бериладиган ҳар қандай нарса ёки бажариладиган амал садақа саналади. Одатда, садақа дейилса, фақат муҳтожларга, фақирларга бериладиган нарса тушунилади. Аслида, хайр-эҳсоннинг барча турини шу сўз билан атаса бўлаверади.
Садақа мажбурий ва ихтиёрий бўлади. Мажбурий бўлган садақа турига фарз ва вожиб бўлган закот, ушр, фитр, каффорат кабилар киради. Фарзу вожибдан кейинги ўринда турадиган ихтиёрий садақага ҳар қандай хайр-эҳсон (таом тариқасида бериш ҳам), хайрия ташкилотлари, жамғармалар, етимхона ва қариялар уйлари, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш кабилар киради.
– Садақа беришнинг фазилатлари ҳақида ҳадислар ворид бўлган. Шулардан мисоллар келтирсангиз…
– “Садақа қилинглар, зеро, садақа сизларни дўзахдан қутқаради”, “Садақа қилинглар, бас, садақа жасадингизни дўзах оташидан сақлайди” (Имом Табароний ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишининг топган молини ўз оиласига сарфлаши ҳам садақа ва эҳсондир”, деганлар. .
– Халқимизда ҳурматга сазовор, жамиятга кўп манфаати теккан, аҳли илм, эшон боболарни ҳурмат қилиб, улардан дуо олиш мақсадида бирор нарса бериш, назр қилиш одати бор. Динимизда бунга муносабат қандай?
– Бундай кишиларга ўз хоҳишлари билан бирор нарсани (пул, таом ёки жонлиқ) бериш ёки назр қилишнинг ёмон жойи йўқ. Лекин динимизда фалон кишига фалон нарсани бермасам ишим юришмайди, берсам, ўйлаган нарсамга эришаман, деган тушунчалар мутлақо йўқ.
– Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Молларингизни закот билан қўринг. Касалларингизни садақа билан даволанг. Турли балоларни дуо билан даф қилинг” (Имом Табароний ривояти). Хасталикдан фориғ бўлишда садақанинг аҳамияти нечоғлик?
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бетоб (касал)ларингизни садақа бериш билан даволанглар”, деганлари дори-дармон қилиш баробарида хайру эҳсон ва садақа қилиш, иншоаллоҳ, дардлардан шифо топишда ёрдам қилади, деганларидир. Зеро, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалблар табиби эдилар. Агар инсоннинг қалби касал бўлса, унинг зарари аъзоларининг зараридан кучлироқ. Чунки қалб барча аъзоларнинг моликидир. Садақа эса инсонни бахиллик, тама, очкўзлик каби иллатлардан фориғ қилади. Садақа берган инсоннинг қалби равшан, кўнгли мунаввар, руҳи хуррам бўлади.
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг ҳузурига бир киши келиб, етти йилдан бери тиззамда яра бор, ҳамма муолажани олдим, кўп табиблар даволади, аммо шифо топмадим, деди. Абдуллоҳ ибн Муборак: “Фалон жойга бор, у ерда инсонлар сувга зор, уларга қудуқ қазиб, сув чиқариб берсанг, дардингга шифо топасан, деб умид қиламан”, деди. У киши шу ишни қилганида оёғидаги яраси тузалди. Демак, садақа чиқариб, Аллоҳ таолога илтижо қилса, Аллоҳ дардманнинг дардига енгиллик беради.
– “Садақа ё закот берсам молим камайиб қолади”, деган фикр олдинги даврларда ҳам бўлган. Ҳатто динни тан олиб, закотни қабул қилмаслик каби хато ўйлар сабабли зиддиятлар юзага келган. Бугун ҳам “ишлаб топган молимдан ажратиб нега бировга беришим керак?” деб ўйлайдиганлар топилади…
– Икрима Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан бундай деганини ривоят қилади: «Икки нарса Аллоҳдан, икки нарса эса шайтондандир”. Сўнг мана бу оятни ўқиди: “Шайтон сизларни (хайр-эҳсон қилишда) камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади ва фаҳш ишларга ундайди. Аллоҳ (эса) сизларга Ўзидан мағфират ва фазл (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир” (Бақара сураси, 268-оят). Яъни, Аллоҳнинг лутфи кенг ва садақа қилувчининг савобини мисли билан беради.
Садақа қилинмай, закот берилмай қўйган қавмларда эса танглик ҳолатлари кузатилиши мумкин. Ибн Бурайда отасидан келтиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Бир қавм берган аҳдини бузса, ўрталарида ўлдириш ҳодисалари кузатилади. Бир қавм фаҳшга ботса, Аллоҳ уларга ўлимни мусаллат қилади. Бир қавм закотни бермай қўйса, Аллоҳ улардан ёмғирни узоқлаштиради” (Имом Ҳоким ривояти).
– Машҳур ҳадисда битта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам, дўзахдан сақланишга чақирилади. Демак, киши савобли иш, хусусан, садақа, эҳсон қилишда катта ҳажм ё қийматли нарса топишни кутмасдан, имкон қадар улашавериш лозим экан-да?..
– Шундай. Шу ўринда улуғлардан ривоят келтирсак. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: отам раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман: “Ҳазрати Исо алайҳиссалом даврида бир одам бор эди. Уни ўта хасислигидан “Малъун”, деб аташарди. Бир куни жангда қатнашмоқчи бўлган бир киши унинг ёнига келиб:
– Эй Малъун, менга бир қурол бер. У билан жанг қилай. Шу ишинг туфайли сен ҳам зора жаҳаннамдан қутулиб қолсанг, – деди. Малъун ундан юз буриб, ҳеч нарса бермади. Ҳалиги одам ортига қайтди. Малъун қилган ишига пушаймон бўлиб, уни чақирди ва ўз қиличини берди. Одам қилични олиб кетаркан, Исо алайҳиссалом етмиш йил ибодат қилган бир обид билан бирга унинг олдидан чиқди ва:
– Бу қилични қаердан олдинг? – деб сўради. Ҳалиги одам:
– Буни Малъун берди, – деди. Исо алайҳиссалом унинг садақасидан қувонди. Малъун эшиги ёнида ўтирган эди. Исо алайҳиссалом обид ҳамроҳи билан унинг ёнидан ўтди. Малъун ичида “Исо ва ҳамроҳига пешвоз чиқай” деб ўрнидан турди. Шунда обид:
– Мен бу Малъундан узоқ турай, токи оташи мени ҳам ёқмасин, – деди.
Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ваҳий қилиб: “Бу гуноҳкор бандамга айт, қиличини садақа қилгани ва сени маҳбуб кўриб, эҳтиром кўрсатгани учун унинг гуноҳларини кечирдим. Обидга айт, шу одам унинг жаннатдаги биродаридир”, деди. Исо алайҳиссалом обидга бу хабарни етказган эди, у:
– Аллоҳга қасамки, мен у билан жаннатга бирга киришни истамайман, – деди.
Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом орқали обидга бундай деди: “Сен менинг қазойимга рози бўлмадинг. Ўзинг сингари бир қулимга паст назар билан қарадинг. Бунинг учун энди сени малъун қилдим ва жаҳаннам аҳлидан бўлдинг. Сизларнинг жаннат ва дўзахдаги ерларингизни алмаштириб қўйдим…”
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.
Ҳидоят журналидан