Қиблани топишни ким ўргатган?
“Сунъий йўлдош навигация тизимлари бугунги кунда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Улар қуруқлик, сув ва ҳаво объектларининг жойлашишини(географик координаталарини)аниқлаш учун ишлаб чиқилган.Ушбу тизимларнинг яратилишига кўп жиҳатдан тригонометрик тенгламалар ёрдам берди”.*
Мусулмон олими Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Жобир ибн Синон ал-Баттоний тригонометрия фанининг ривожига катта ҳисса қўшганини, биноларнинг аниқ жойлашиш усулини ишлаб чиққан олим эканини ҳамма ҳам билмаса керак.
Баттоний ўрта асрлар Европасида Албатегниус номи билан танилган атоқли араб математиги ва астрономидир. Унинг астрономия ва тригонометрия соҳасидаги илмий кашфиётлари ўрта асрларда илм-фан ривожланишига сезиларли таъсир ўтказди.
Олим 858 йилда Шимолий Месопотамиянинг қадимий шаҳри Харронда (бугунги Туркия) дунёга келди. Мазкур ҳудудларда Ислом дини тарқалгунга қадар Харрон номли юлдузга сиғинган собиийлар яшагани боис астрология ва астрономия фанлари ривожланди.
Баттоний дастлабки билимларни Харрондаги таниқли олим ва нафис асбоб-ускуналар ясовчи отаси Жобир ибн Синондан олди. Кейинчалик Суриянинг Раққа шаҳрида таълимни давом эттирди. Билимларини амалда ҳам қўллашга жидду жаҳд қилди. Антиохия ва Раққада ҳайратланарли даражада аниқ астрономик кузатувлар амалга оширгандан кейин илмий жамоатчилик назарига тушди.
Раққа шаҳри халифа Ҳорун Рашид томонидан бир нечта сарой ва маиший бинолар қурилгандан кейин гуллаб-яшнади ва илм-фан янада ривожланди.
Баттоний биринчи марта синуслардан фойдаланган олимдир. Шунингдек, котангенс концепциясини ишлаб чиқиш ва градусли жадвални тузиш, текислик ва шарнинг тригонометрияси бўйича тадқиқотлар олиб борди. У дунёда биринчи бўлиб астрономик тадқиқотларда математик усулларни қўллади. Мажор муҳандиси Йозеф Хелл “тригонометрия соҳасида синус, косинус ва тангенс назарияси арабларнинг илмий меросидир”, деб таъриф берди. Бу эса тригонометрия ва астрономия мусулмонлар ҳаётида муҳим ўрин тутганини билдиради. Мазкур соҳадаги билимларнинг ривожланиши мусулмонларга Ер юзида ўзлари жойлашган жойни аниқ билиш ва Маккага юзланиб, ибодатларини хотиржам бажариш имкониятини берарди.
Олимнинг ҳисоб-китоб услублари Макка узунлиги ва кенглиги, қиблани замонавий усул билан аниқлашга асос бўлди.
Баттоний илмий изланишлари билан Птолемейнинг Қуёш апогеясининг (авжи, чўққиси) ҳаракатсизлиги тўғрисидаги фикрини мутлақо рад этди. Балки Қуёш кўринадиган бурчак диаметрининг ўзгариши ва айлана тутилиши мумкинлигини исботлади. («Kushyur Ibn LabbĀn Bushahru, Abu-al-Hasan, Al-JĪlĪ» . Ilmiy biografiyaning to’liq lug’ati.)
Мутафаккир Қуёш орбитасининг Ерга нисбатан эгилишини ҳисоблаб, Ернинг эклиптик мойиллигини 23° деб ҳисоблади. Беш аср ўтгачгина Коперник 23° 35′ бўлган аниқроқ қийматни олишга эришди. Шунингдек, у Қуёш йилининг давомийлигини аниқ ҳисоблаб чиқишга муваффақ бўлди. Унинг ҳисоб-китобига кўра, у 365 кун 5 соат 46 дақиқа 32 сонияни ташкил этди – бу замонавий фан томонидан олинган маълумотларга қараганда атиги 2 дақиқа 14 сонияга қисқароқ. (O’Konnor, Jon J.; Robertson, Edmund F. , “Al-Battani”, MacTutor Matematika tarixi arxivi , Sent-Endryus universiteti.)
Баттонийнинг илмий изланишлари натижасида юлдузни таснифлаш, янги ой ҳилолини кузатиш усули ишлаб чиқилди. Айнан у Қуёшнинг узуксимон ва тўлиқ тутилишини, Ер ва Қуёш ўртасидаги масофа ўзгариб туришини илмий қарашлари асосида аниқлаган эди.
Унинг “Китоб аз–зиж” асари (“Астрономик жадваллар ҳақида китоб”) 1116 йилда Платон Тиволи томонидан “De Motu Stellarum” (“Юлдузлар ҳаракати ҳақида китоб”) номи билан лотин тилига таржима қилинди. Баттоний асарлари Тихо Браге, Кеплер, Галилей ва Коперник каби олимлар дунёқарашига ва илмий ишланмаларига беқиёс таъсир ўтказди. Коперник ўзининг “De Revolutionibus Orbium Clestium” (“Само жисмларининг айланиши”) асарида Баттонийга ҳурматини изҳор этади, чунки олим Қуёш ҳаракатини унга нисбатан аниқроқ ҳисоблаб чиққанди.
Яна таъкидлаш керакки, ислом олими томонидан киритилган тригонометрик усуллар бугунги куннинг замонавий GPS тизимларининг асосини ташкил этади. (www.azon.uz)
Баттоний “Худо борлиги, бирлиги, қудрати ва Унинг махлуқотлари мукаммаллигини фан, авваламбор, астрономия орқали ўрганиш мумкин” тамойилига амал қилди ва тарихдаги 20 нафар таниқли астрономлардан бирига айланди (www.azon.uz).
Баттоний 929 йилда Бағдоддан Раққа шаҳрига қайтаётган пайтда вафот этди. Буюк тадқиқотчи ўз замонидан илдамлаб кетган асарлари ва шогирдлари кўринишида бой мерос қолдирди, улар ўзларининг зиёcи билан илм-фан осмонини ёритишди.
Ғарбда таниқли шарқшунослар Гиббс ва Крамер Баттонийнинг ҳайратланарли онгига эътибор қаратадилар ва уни буюк энциклопедик билимларга эга, мусулмон оламининг хилма-хил маданиятини ўзига сингдирган олим сифатида тавсифлайдилар. Профессор Филипп Хетининг таъкидлашича, Ғарб математиклари Баттонийдан беш аср ўтгач, тангенс билан танишганлар (Ильмира Гафиятуллина. Аль-Баттани – ученый, заложивший фундамент для научной революции Нового Времени).
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси
Мунаввар НИЁЗАЛИЕВА тайёрлади.
Ҳидоят журналидан