Савдогарнинг ягона ўғли
“Мажанил адаб” муаллифи бундай ёзади: «Бағдодлик бой савдогарнинг яккаю ёлғиз ўғли бўларди. Айтишларича, ўша вақтнинг одатига биноан савдогарлар фарзандларини Ҳинд ва Чин юртларига тижоратни ўрганиш учун юборишарди. .
Савдогар ўғли учун кема сотиб олди. Уни тижорат моллари билан тўлдирди. Хизматчиларни ёллади. Кемага раҳбарлар ҳам тайинлади. Буларнинг барчасини ўғлининг тажриба орттириши учун ҳозирлаган эди.
Кема 9 кеча, 9 кундуз сузгач, денгизда тўфон турди. Кемадагилар яшаб қолишга ҳар қанча уринишмасин, офат уларни сувга ғарқ қилди. Шиддатли тўлқин кемани парчалаб юборди. Йўловчиларнинг барчаси ҳалок бўлди. Фақат савдогарнинг ўғлигина омон қолди. У кема бўлагига осилиб, жон сақлади.
Тўлқин болани оролга ташлади. Шиддатли тўлқин унинг уст-бошини йиртиб ташлаганди. Бола қирғоқда бечора ҳолда, ҳушсиз ётарди. Ўзига келганда эса узоқдан дўмбира чалиб, хушчақчақ келаётган одамлар овозини эшитди. Улар айнан у томон шошарди.
Келибоқ болани қўлларига олишди. Унга ипак ва шойи кийимлар кийдиришди. Тилла ва кумуш тақинчоқлар тақишди. Тож кийдириб, ўзларига султон қилиб олишди. Бола бўлаётган ишлардан ҳайратда, нима қилиш ва нима дейишни билмасди.
Одамлар уни дўмбиралар садоси остида мамлакат қасрига олиб киришди. Тахтга ўтқазишди. Бола эса ҳайратдан донг қотганча турарди. Атрофини соябончи, инфоқ-эҳсон қилиш билан унга яқин бўлишга интилувчи аъён, вазир, маслаҳатчи ва хизматкорлар ўраб олишди. Сал нарироқда ҳурматли бир қария ўтирарди. Тантана тугаб, ҳамма тарқаб кетгач, бола ҳалиги қарияга: “Сиз менга кераксиз, кетмай туринг”, деди.
Бола шайх билан ёлғиз қолди. Унга: “Аллоҳ ҳаққи, менга ростини айтинг. Бу не ҳол? Мен узоқдан келган бўлсам, сизларни танимасам, сизлар мени танимасангиз. Мени тўлқин улоқтириб ташлади. Нима учун мени ўзингизга султон қилдингиз?” каби саволларни берди. Шайх бундай жавоб қилди: “Шаҳар аҳлининг урф-одати шундай. Улар ҳар уч йилда худди шу каби пайтда денгиз томондан биринчи бўлиб келган кишининг истиқболига чиқишади. Уни ўзларига султон қилишади. Сўнг у одам уч йил давомида мамлакатни бошқаради. Роппа-роса уч йил тўлгач, уни оёғидан судраб, қайиққа ташлашади. Ёнида кўп эмас, кам эмас, тўрт аскарни қолдиришади. Кейин уни кимсасиз ерга олиб бориб ташлашади. Унда яшаб қолишига бирор имконият қолдиришмайди. Очлик ва чанқоқликдан ҳалок бўлади”.
Шунда бола: “Менга нима насиҳат қиласиз?” деб сўради. Шайх: “Султонлик давринг бошланди. Мол-мулк – қўлингда. Вазирлардан тортиб аскарларгача амрингга мунтазир. Менга буюр. Уч йилдан сўнг улоқтириладиган ерингга қудуқлар қаздираман, дарахтлар ўтқаздираман, сен учун қуш ва ҳайвонларни кўпайтираман. Яна қаср қурдираман. Яшаб кетишинг учун барча шароитни ҳозирлайман”, деди. Бола: “Айтганларингни бажар”, деб барча бошқарувни унга берди. Сўнг уч йил давомида фаровон ҳаёт кечирди. Одамлар амрига бўйсунишди.
Ваъдалашилган кун келгач, кечагина итоатида бўлган аскарлар йигитнинг ҳузурига кириб оёғидан судраб тахтдан туширишди. Кейин ундан подшоҳлик либоси, зебу зийнатларни ечиб, ўрнига дағал матодан кийим кийдиришди. Қайиққа миндиришди ва кимсасиз ерга олиб бориб ташлашди.
Йигит кимсасиз ерда шайх орқали тайёрлатиб қўйган неъматларни қўлга киритди. Ҳузур-ҳаловатда яшай бошлади. Бу ҳол Бағдоддан келувчи кема ўтгунига қадар давом этди. Кейин кемага миниб, юртига саломат қайтди».
“Мажанил адаб” китобида келган ушбу қисса рамзийдир. Айтишларича, инсоннинг ҳолини ифодалайди. Она ҳомиласини қорнида зулмат ичра тўққиз ой кўтаради. Ушбу 9 ой қиссадаги 9 кун каби тез ўтади. Ҳомиланинг дунёга келиш муддати келганда қиссада рўй берган кучли бўрон каби тўлғоқ тутади. Тўлқин кемани қирғоққа улоқтиргани каби тўлғоқ болани дунёга олиб чиқади. Худди тўлқин унинг кўйлагини йиртиб юборгани каби гўдак ҳам она қорнидан яланғоч туғилади. Қирғоқда беҳол ётгани каби, гўдак ҳам нимжонлигидан йиғлайди, чинқиради.
Гўдак туғилган заҳоти унга либос кийдирилади. Сўнгра инсон Аллоҳ берган умрни яшайди. Ҳаёти поёнига етиб, ажали яқинлашганда, ҳузурига жон олувчи фаришта келиб, худди болани тахтдан оёғи билан судраб тортишгани каби ундан ҳаётни тортиб олади. Уст-бошини ечиб, ўрнига кафан кийдиради. Қиссада тўрт аскар болани олиб кетгани каби одам тобутини тўрт киши кўтаради.
Айтиладики, султонликда атрофини ўраб олган соябончи, инфоқ-эҳсон қилиш билан унга яқин бўлишга интилувчи аъён, вазир, маслаҳатчи ва хизматкорлар – дунё, нафс-ҳаво, шайтон, ғурур, шаҳватлар, ёмон ҳамроҳлардир.
Узоқда ўтирган, фақат сўралсагина жавоб берадиган шайх бу – Қуръони карим. Ундан маслаҳат сўралса, маслаҳат беради. Сўралмаса, сукут сақлайди. Ким Қуръондан маслаҳат сўраса, йўлни кўради, кимсасиз ер учун тайёрлаб қўйиши лозим бўлган кўрсатмага эришади. Биринчи бола тушган ва одамлар қаршилаган орол – дунё, иккинчи кимсасиз ер ва Бағдод шаҳри бу – қабр ва охират диёри.
Бола шайхнинг маслаҳатига риоя қилганидан сўнг нажотга эришди. Худди шу каби Қуръони каримнинг насиҳатини олган инсон ўзини нажот ва омонликда топади. Ундан олдин ҳалок бўлган султонлар, яъни умматлар ҳолига тушмайди. Дунёнинг ўзида охират ҳаётини унутмайди. Балки унга тайёргарлик кўради. Ўлим вақти келганида ўзини энг ёмон ҳолатда топмайди. Ўзини надомат келтирадиган, умид ҳам ёрдам бермайдиган ҳалокат, адашув қўлига топширмайди.
Юлдуз КОМИЛОВА таржимаси
Ҳидоят журналидан