Ақлнинг моҳияти ҳақида
Муҳтадий Абу Шакур Солимий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Билингки, ақл латиф хилқат бўлиб, унинг ҳолатини тасаввур қилолмаймиз. Ақлнинг моҳияти ҳақида фақиҳлардан бирон саҳиҳ – ишончли қавл мавжуд эмас”.
Баъзи фақиҳлар ақлни жавҳар (бўлинмас нарса) деб, ушбу ҳадисни далил келтирадилар: Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб айтади: «Аллоҳ таоло ақлни яратгач, унга: “Олдинга юр”, деди, у олдинга юрди. Сўнг унга: “Орқага юр”, деди, у орқага юрди. Кейин унга: “Ўтир”, деди, у ўтирди. Сўнгра унга: “Ўрнингдан тур”, деди, у ўрнидан турди. Кейин унга: “Сўзла”, деди, у гапирди. Шунда Аллоҳ таоло: “Сени кимларга берган бўлсам, уларга яхшилик (жаннат) бўлсин, сен сабабли неъмат бераман, сен сабабли азоблайман, сен сабабли менга ибодат қилинади ва сен сабаб савоб бераман ва азоблайман”, деб марҳамат қилди».
Бошқа ривоятда бундай дейилган: «Аллоҳ таоло ақлни яратгач, унга: “Ўтир”, деди, у ўтирди. Сўнг унга: “Ўрнингдан тур”, деди, у ўрнидан турди. Кейин унга: “Орқага юр”, деди, у орқага юрди. Сўнгра унга: “Сўзла”, деди, у гапирди. Кейин: “Кўр”, деди, у кўрди. Сўнг унга: “Эшит”, деди, у қулоқ солди. Шунда Аллоҳ таоло: “Иззатим, жалолим ва улуғлигимга қасамки, сендан кўра мукаррамроқ бирор махлуқ яратмадим. Сен сабаб менга ибодат қилинади, сен сабаб Мени танишади, сен сабаб Менга ҳамд айтилади, сен сабаб жазолайман ва неъмат ато қиламан ҳамда сен сабабли савоб бераман ва азоблайман”, деди».
Яна бошқа бир ривоятда: «Аллоҳ таоло ақлга: “Мен кимман?” деди. Ақл сукут қилди. Аллоҳ таоло уни каромат нури билан мунаввар этгандан сўнг, у айтди: “Сендан ўзга бирор илоҳ йўқ, Сен ягона ва қудратли Аллоҳсан”. Аллоҳ таоло: “Иззатимга қасамки, сендан кўра яхшироқ бирор нарса яратмадим”, деди».
Ушбу ҳадис ақлнинг жавҳар эканига далолат қилмайди. Агар ақл жавҳар бўлганида инсонда ортиқча бир парча гўшт ёки аъзо пайдо бўлиши ва ақл кетганида ҳам бир парча гўшт ёки аъзо ҳам ундан кетиши керак эди.
Маълумки, ақл кўпайиб ва камайиб турадиган хилқатдир. Ақл инсон вафотидан сўнг ўзича турувчи ва ўз ҳолатида қолувчи эмас, балки руҳ танани тарк этиши билан ақл ҳам кетади, баъзан руҳ чиқишидан олдин ақл йўқ бўлади. Гоҳида руҳ пайдо бўлганидан кейин пайдо бўлади. Бу ҳолатлар унинг жавҳар эмаслигига далилдир.
Баъзи фақиҳлар: “Биз ақлни жавҳар ёки араз1 демаймиз, лекин у Аллоҳ таолони таниш ва нарсаларни идрок этиш учун сабаб ва восита деб биламиз”, дейишади.
Айрим уламолар бундай дейишган: “Ақл яхши билан ёмон ўртасини ажратиш, зийраклик, тўғри ҳаёт кечириш ва фаросатли бўлишдир. Банда шу сабабли шаръий хитобга мурожаат қилади”. Бу Абул Ҳасан Ашъарийнинг2 сўзидир.
Баъзи уламолар: “Ақл илм ва маърифатнинг ҳосил бўлиши ҳамда ёмон, беҳуда ва мункар ишлардан тўсувчи омилдир”, деб айтишган.
Ақлнинг ўрни ҳақида уламоларнинг қарашлари ҳам турлича. Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳу ақл бош мияда жойлашган, дейди. Бунга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу ҳадислари ҳужжатдир: “Ошқовоқ бош мияга фойдали, бош мия эса ақлни кўпайтиради”. Баъзи уламолар ақлнинг ўрни қалб деганлар. Бу борадаги энг саҳиҳ (ишончли) сўз шуки, ақл қалбдан бошланади. Чунки назар қилиш (инсон ўзида бор билимларни тўғри тартиблаш орқали номаълум нарсаларни билиш)3 ва далил келтириш тафаккур билан бўлади. Тафаккурнинг ўрни эса қалбдир. Тафаккур ҳам ақлнинг самарасидир. Бош мия ҳам ақл сабаб ёришади. Ақл инсонга қалб ва бош мия билан бирга фойда беради. Бу худди сувни томирлари орқали ичган дарахтга ўхшайдики, унинг барглари ва танасида юз берган бу жараён ёрдамида шохларида мева унади.
Соатмурод ПРИМОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири таржимаси
Ислом нури газетасидан