Мунофиқлик аломатлари
“Нифоқ” деб луғатда юмронқозиқнинг ер остидан узун ўрача ковлаб, ҳар жой-ҳар жойда қиладиган тешигига айтилади. Кўп дўнг қилганидан қаердан чиқишини билмайсиз.
Истилоҳий маъноси борасида Мир Саид Санад Шариф Журжоний айтадилар: “Нифоқ бу имонни тил билан зоҳир қилиб, куфрни қалб билан беркитишдир”. Бошқа уламолар эса “Нифоқ бу ботин(қалб)даги нарсанинг хилофини зоҳир қилишдир”, деб таъриф беришган.
Ўхшатиш. Бир жамоа бир даъвони қилиб чиқади. Яна бир жамоа унга қарши туради. Учинчи жамоа эса иккиси билан ҳам алоқа ўрнатади ва қайси жамоа ютса, шу билан биргамиз, дейди. Ана шулар мунофиқлардир.
Баъзи ҳадисларда мунофиқнинг аломати тўртта, баъзиларида учта дейилган. Буни қандай тушунамиз?
Бу борада уч хил жавоб бор:
– биринчиси, учта дейилгани муайян ададга чеклаб қўйиш учун эмас;
– иккинчиси, ададларда ўзаро қарама-қаршилик йўқ деган қоида бор;
– учинчиси, мунофиқлик аломатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий орқали билдириб борилган. Ҳадислардаги тафовутнинг сабаби шу.
Агар мусулмон кишида мазкур мунофиқлик аломатларидан бирортаси бўлса, у мунофиқ бўлиб қоладими? Ҳозирги кунда бу сифатлардан холи одамлар жуда кам-ку?
Бу саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин:
– мазкур иллатлар мунофиқнинг табиатида бўлади. Мусулмонда эса баъзида топилса, баъзида топилмайди. Шунинг учун у ҳақиқий мунофиқ ҳисобланмайди;
– каломда ташбеҳ – ўхшатиш бор. Яъни, мусулмонда бу сифатлар топилса, мунофиқона феъл дейилади;
– ундай инсон шаръий жиҳатдан тўлиқ мунофиқ эмас, балки феълидагина мунофиқ дейилади;
– мазкур тўрт иллатни жоиз санаган кишигина ҳақиқий мунофиқ бўлади;
– ушбу ҳадис хос жамоатга айтилган, омма мусулмонларга эмас;
– ушбу тўрт аломат кимда тўлиқ жамланса, ўша мунофиқ бўлади, жамланмаса, бўлмайди.
Хулоса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида кимлар ҳақиқий мунофиқ экани ваҳий орқали аниқ маълум қилинган. У зот вафотларидан кейингилар ҳақида эса ҳақиқий эмас, амалий мунофиқ дейилади. Чунки нифоқ қалб иши бўлиб, уни фақат Аллоҳ билади.
Ҳадисда ваъдага хилоф қилиш ҳам айтилди. Шарти шуки, ваъда қилаётган вақтида бажармасликни ният қилиши керак. Агар бажаришга аҳд қилиб, бирор узр сабабли бажаролмаса, масалан, совға бераман деб ваъда қилсаю, беролмаса, мунофиқ ҳисобланмайди. Лекин макруҳи танзиҳий бўлади.
Ваъда яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам бўлиши мумкин. Яхшиликка бўлса, бажариш, ёмонликка бўлса, бажармаслик керак. Шу ўринда яна икки нарса бор: ваъда ва муоҳада – ваъдалашиш. Ваъда бир тарафдан, муоҳада эса икки тарафдан бўлади. Ваъдага вафо қилмаслик – ваъдага хилоф қилиш, дейилади. Муоҳадага вафо қилмаслик эса – хиёнат дейилади.
Хиёнат ҳам икки хил бўлади: мол ва сўздаги хиёнат. Бировнинг молини унинг изнисиз тасарруф қилиш – молдаги хиёнат. Ҳатто санаш учун берилган пуллар ўрнига бошқасини қайтариш ҳам молга хиёнат қилишдир. Сўздаги хиёнат эса бировнинг сирини очиш, бошқаларга тарқатиш билан бўлади. Иккиси ҳам мунофиқликнинг аломатларидандир.
Шундай экан, мўмин киши мунофиқликдан, унинг иллатларидан узоқ бўлиши лозим. Доимо рост гапириши, ваъдасига вафо қилиши, омонатга хиёнат қилмаслиги, муросасизликни адоватга айлантирмасликка астойдил ҳаракат қилсин. Бажаролмайдиган ишига ваъда бермасин, ваъда берса, бажарсин. Чунки бу ишларнинг ҳаммаси мўминнинг имонига, динига, шаънига зарар етказади.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Авазбек ЖУМАБОЕВ
Ислом нури газетасидан