Ҳассон ибн Собит (розийаллоҳу анҳу)
Саҳоба Ҳассон ибн Собит ибн Мунзир ибн Ҳаром. Куняси Абу Абдураҳмон. Абу Валид, Абу Ҳассом деган хабарлар ҳам бор. Ансорий, Нажжорий, Хазражий. Шоир саҳобалардан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Уларни (мушрикларни) ҳажв қил. Жаброил сен биландир (сени қўллаб-қувватлаб туради)”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ривоятларда айтилишича, Ҳассон Набий алайҳиссаломдан саккиз йил олдин дунёга келган. Жоҳилиятда олтмиш йил, Исломда олтмиш йил яшади, дейилади. Обрў-эътиборли оилада вояга етди. Ҳассон Бани нажжорлик бўлиб, Бани Нажжор Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хазражлик боболари Абдулмутталиб ибн Ҳошимнинг тоғаларидир. Ҳассоннинг отаси Собит ибн Мунзир Хазражий қавмининг саййиди ҳамда саҳобадир. Онаси Фазия бинти Хонис Хазражия.
Ҳассон Исломдан олдин ҳам шеърлар битарди. У Шомдаги ғассонийлар султонлигига вакил бўлиб борганлардан бири эди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом қибтийлар ҳукмдори Муқавқисдан ҳадя қилган жорияларидан бири Сирин бинти Шамъунни Ҳассонга туҳфа қилганлар. Ушбу турмушдан Абдураҳмон исмли фарзанд туғилган. Сирин Исломни қабул қилган. У онамиз Мория Қибтия розийаллоҳу анҳонинг синглисидир.
Ҳассон олтмиш ёшга етганида Исломни қабул қилди. У Расулуллоҳ алайҳиссалом ва Исломни ҳимоя қилиб, Қурайш шоирлари ва нотиқларига шеърлари билан раддиялар берди. Бир куни Сарвари олам ансорларга: “Расулуллоҳни ҳимоя қилган қавмни (яъни, сизларни) тиллари билан ҳимоя қилишдан нима ман этмоқда?!” дедилар. Шунда Ҳассон ибн Собит розийаллоҳу анҳу: “Мен шундай қиламан, Аллоҳга қасам, Басра билан Сано (шаҳарлари) ўртасида бу амрдек мени хурсанд қилган нарса бўлмаган”, деди.
Мушрикларга қарши шеърлари билан раддия берган биргина Ҳассон ибн Собит эмасди. У билан бирга яна бир неча шоир саҳобалар ҳам бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳассоннинг ижодини мақтар, уни шеър айтишга янада қизиқтирар, ҳаққига дуо қилар, меҳр кўрсатиб, ўзларига яқин олардилар.
Ҳассон розийаллоҳу анҳу Қурайшнинг куфри, санамларга ибодат қилишларини эмас, балки мусулмонларга мағлуб бўлган кунларини ҳажв қилди. Ҳассон ибн Собитнинг бошқалардан ажралиб турадиган, Исломда мақомини баланд кўтарадиган бир неча сифатлари бўлган. У Исломдан аввал ансорларнинг, кейин Набий алайҳиссаломнинг, сўнгра яманийларнинг шоири бўлди. Ҳақиқатан, у жуда кучли шоир бўлиб, араб шеъриятида улуғ мартабага эришди.
Ҳассон фасоҳатли, хотираси кучли, ростгўй киши эди. Шеърлари билан араб тилини сақлаб қолди. Кучли фасоҳати, лексикологияни яхши билгани, таъбирни юксак даражада ифодалаш қобилияти билан машҳур бўлди. Жуда кўп наътларни назмга солди. Шунингдек, Ислом фазилатларини тараннум этувчи шеърлар битди.
Ҳассон ибн Собит розийаллоҳу анҳунинг жоҳилиятда ёзган шеърлари саодат асридаги шеърларидан фарқ қилади. Жоҳилиятда хаёлларни паришон қилувчи шеърлар битган бўлса, Исломда ҳақиқатлар ва тарихий ҳодисаларни баён этувчи шеърлар ёзди. Шариат чегарасидан чиқмаган ҳолда кучли услуб билан лафзларни бойитарди. Шеърлари асосан дин нусрати ва ақида ҳақида бўларди.
Ҳассон кексалиги боис ҳеч бир жангда иштирок этмади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадислар ривоят қилди. У кишидан Ойша, Умар, Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳум ҳадис ривоят қилишди.
Ҳассон ибн Собит розийаллоҳу анҳунинг қачон вафот этгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бир ривоятда Муовия ибн Абу Суфён замонида бир юз йигирма ёшда оламдан ўтган, дейилади.
Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.
Сайфиддин ЙЎЛДОШЕВ,
Андижон шаҳридаги “Зубайр ибн Аввом” жоме масжиди имом-хатиби
Ислом нури газетасидан